Россияда гипертовушли қуролга эга иккита сувости кемаси қурилишига старт берилди
«Севмаш» корхонаси иккита «Воронеж» ва «Владивосток» сувости кемасини қуришни бошлади.
«Севмаш» корхонаси иккита «Воронеж» ва «Владивосток» сувости кемасини қуришни бошлади. Улар гипертовушли қуролларни олиб юришга қодир бўлади, деди завод бош директори Михаил Будниченко.
У иш бошлангани ҳақида видеоалоқа орқали президент Владимир Путинга ахборот берган. Бу вақтда Россия президенти Керчда яна иккита ҳарбий кема қурилишига старт бераётган эди.
Путиннинг таъкидлашича, янги атом сувости кемалари Россиянинг жанговар қудратини мустаҳкамлайди.
«Бу ерда, яъни Керчда иккита универсал десантчилар кемаси. Санкт-Петербургдаги »Северная верфь“ заводида иккита фрегат. Северодвинскдаги «Севмаш» заводида эса иккита атом сувости крейсери”, — деди у.
Путиннинг аниқлик киритишича, кемалар энг замонавий қуроллар, бошқарув ва олис алоқа тизимлари билан жиҳозланади.
Давлат раҳбарининг эслатишича, сўнгги саккиз йил ичида Россия флотининг жанговар таркибига турли тоифадаги 200 дан зиёд кема ва катерлар қўшилди. Унинг таъкидлашича, агар ишлар ҳозирги суръатда давом эттирилса 2027 йилга келиб мамлакат Ҳарбий денгиз флотидаги замонавий кемалар улуши 70 фоизга етади.
Хабарда таъкидланишича, кемалар қурилишига мамлакатдаги уч мингдан ортиқ корхоналар ўз ҳиссасини қўшмоқда.