Ўзбекистон-Россия иқтисодий муносабатларига давлат ҳамиша устуворлик бериб келган. Чунки ўн йиллар давомида томонлар синовдан ўтган ҳамкор сифатида бир-бирига ишонади. 2024 йилда Ўзбекистон-Россия ўзаро товар айланмаси 10 млрд. долларни ташкил этди.
Ёки 2023 йилга нисбатан 5,2 фоизга ўсган. Бу анъана жорий йилда ҳам давом этди. Икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 2025 йилнинг фақатгина биринчи ярмида 6 млрд. доллардан ошди. Бу рақамлар шаклланишида Фарғона вилоятининг ҳам улуши салмоқли. Тўқимачилик, кимё саноати ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортида Фарғона вилояти мамлакатда етакчилик қилмоқда. Шунинг учун ҳам вилоят тадбиркор ҳамда ишлаб чиқарувчилари иқтисодий муносабатлар кўриб чиқиладиган барча анжуманларда фаол иштирок этадилар. Бу гал вилоят ҳокими ўринбосарлари Мирзоҳид Убайдуллаев ва Нуриддин Мамажонов бошчилигидаги Фарғона вилояти делегацияси Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикасининг II ҳудудлар кенгаши доирасида Савдо- саноат палаталари томонидан ўтказилган «Россия - Ўзбекистон: ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантириш йўллари» мавзусидаги 11-қўшма ишбилармонлар кенгаши йиғилишида иштирок этди.


Тадбирда икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик масаласи муҳокама қилинди.
– Кенгаш иши давомида Фарғона вилояти делегацияси ҳудуднинг иқтисодий, инвестициявий ҳамда саноат ва қишлоқ хўжалиги салоҳияти бўйича тақдимот ўтказди,– дейди Фарғона вилоят ҳокими ўринбосари Нуриддин Мамажонов. – Шунингдек, амалиётда учраётган муаммолар таҳлили натижасидан келиб чиқиб, Россия бизнес доиралари билан ҳамкорликни кенгайтиришга оид таклифлар билдирилди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА