2025 йил Россияда 240 000 хорижликка ишлаш учун рухсатнома берилган. Бу 2017 йилдан кейинги энг юқори кўрсаткич. Бу борада йиллик ўсиш 42 фоизни ташкил қилган.
РФда Ҳиндистон фуқаролари номига расмийлаштирилган 56 500 ҳужжат 2024 йилдаги 36 200 га нисбатан сезиларли даражада кўп. Бангладешдан келиб расман иш бошлаганлар 9 300 киши, 2017 йилдан бери рекорд кўрсаткич: бу рақам аввалги йил 2 800 эди. Туркманистон фуқароларига берилган рухсатномалар 2 ярим баробар ошиб, 25 000 ни ташкил этган. Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ҳам энди асосан рухсатнома билан фаолият юритишни маъқул кўришяпти. Хитой фуқаролари иш рухсатномалари миқдори эса тахминан 50 фоиз ошиб, 92 000 га кўтарилган.
2026 йил Россия ҳукумати Ҳиндистон, Хитой, Малайзия, Бангладеш ва Африка давлатларидан янада кўпроқ меҳнат муҳожирларини жалб қилиш режасини тузган. Меҳнат вазирлиги қарорига кўра, мамлакатлар учун квота 279 000 киши этиб белгиланган. Бу ўтган йилга нисбатан 20 фоиз юқори. Умумий миқдорнинг 92 фоизи саноат корхоналари ва йирик инфратузилма лойиҳалари учун юқори малакали ишчиларга мўлжалланган, қолган қисми оғир шароитда ишлайдиганлар ва махсус соҳалар ходимлари, масалан ветеринар, ҳайвонларни парваришловчи мутахассислар учун ажратилган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА