Россия ҳуқуқ-тартибот органлари 2021 йилда гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноятга қўл урган Тожикистоннинг 600 нафар фуқаросини ҳибсга олган. Бу ҳақда пайшанба куни Тожикистон президенти ҳузуридаги Наркотик моддалар назорати бўйича агентлик директори Ҳабибулло Воҳидзода матбуот анжуманида маълум қилди.
"2021 йилда Тожикистоннинг 637 нафар фуқароси хорижий мамлакатларда гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноий ишлар бўйича қўлга олинган. Уларнинг 630 нафари Россияда ушланган, қолган етти нафари Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда қўлга олинган", - деди у. Шунингдек, тожикистонлик мулозим қўлга олинганлардан жами 453 килограм наркотик модда мусодара қилинганини ҳам таъкидлаб ўтган.
Воҳидзоданинг маълум қилишича, 2021 йилда Тожикистонда гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ саккиз нафар Афғонистон фуқароси ва икки нафар ўзбекистонлик ушланган. Улардан 829 килограмм қора оғу тортиб олинган.
Агентлик берган маълумотга кўра, 2021 йилда Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан 4 тонна наркотик модда мусодара қилинган. Бу 2020 йилги кўрсаткич билан таққослаганда 68,4 фоизга кўпдир. Наркотрафикнинг ўсишига ўтган йили Афғонистон ҳукумати тепасига “Толибон” ҳаракати келганидан кейин чегарадаги вазият ёмонлашгани сабаб бўлгани айтилмоқда.