Россия Япония билан Курил оролларига бориш ҳақидаги келишувни бекор қилди
Россия ҳукумати фармойишига кўра, Курилда яшаган собиқ япон фуқароларининг оролга келиб-кетиши юзасидан қабул қилинган келишув бекор қилинди. Ўзаро саёҳат тартиби тўғрисидаги шартноманинг амал қилиши ҳам тўхтатилди. Бу ҳақда ҳукумат матбуот хизмати хабар берди.
Шу тариқа Курилда аввал яшаган японлар ва уларнинг оила аъзоларига Кунашир, Итуруп, кичик Курил оролларига бориш тақиқланди.
1999 йил мазкур ҳудудларнинг япон миллатига мансуб собиқ аҳолиси учун Курил оролларига осонлаштирилган ташриф тўғрисидаги шартнома имзоланган. Мазкур ҳужжат Иккинчи жаҳон уруши якуни бўйича тинчлик келишувига эришиш йўлидаги музокара чоғида тасдиқлангани ҳамда архипелагнинг Совет Иттифоқи таркибига ўтгани билан асосланган эди.
1991 йилдан эътиборан Россия ва Япония ўртасида Курил ороллари бўйича визасиз алмашинув тўғрисидаги келишув мавжуд эди. Бу қарор ҳам жорий йил март ойида бекор қилинган.
ЎзА