2026 йилнинг 6-22 февраль кунлари Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарларида (Италия) XXV Қишки Олимпия ўйинлар бўлиб ўтади. Халқаро олимпия қўмитаси (XOҚ) ушбу мусобақада россиялик ва беларуслик спортчиларни қўйиш мезонларини эълон қилди.
XOҚ матбуот хизмати хабар беришича, Россия ва Беларусь давлати спортчилари худди 2024 йилда Парижда бўлиб ўтган ёзги Олимпиададаги шартлар каби нейтрал мақомда иштирок этиши мумкин. Бу фақат индивидуал йўналишларда саралаш босқичидан ўтган спортчиларга тааллуқли. Жамоавий мусобақаларда эса иштирок эта олмайдилар.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, нейтрал мақом фақат ҳарбий органлар ёки миллий хавфсизлик хизматлари билан шартномаси йўқ спортчиларга берилади. Мезонларга кўра, спортчилар ва уларнинг жамоа аъзолари ҳарбий ҳаракатларни фаол қўллаб-қувватлаган тақдирда ҳам Олимпиадага қўйилмайди.
Шунингдек, россиялик ва беларуслик спортчиларнинг нейтрал мақомга мувофиқлигини махсус комиссия кўриб чиқади. Унинг таркибига собиқ синхрон сузувчи ва XOҚ аъзоси Никол Хевертц, Испания терма жамоаси собиқ баскетболчиси ва икки карра “NBA” чемпиони Пау Газоль ҳамда Халқаро гимнастика федерацияси раҳбари Моринари Ватанабе киради.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА