Россия – Украина зиддиятида охирги икки кун кескин стратегик ўзгариш қайд этилмади. Хорижий нашрларда дипломатик жараён фаоллашгани, дронлар уруши фронт динамикасига кучли таъсир кўрсатаётгани асосий мавзулар бўлди.
Фронтдаги вазият
Фронт чизиғида жанг давом этяпти. Халқаро шарҳларда қайд этилишича, РФ қўшини ҳужум амалиётини сақлаб турибди. Айни пайт уруш майдонида ўзи учар учоқлар ҳал қилувчи омилга айланаётгани таъкидланмоқда. “Reuters” замонавий FPV дронлари зирҳли техника ҳаракатини анча чеклаётгани ҳақида ёзган. Баъзи ҳудудларда Россия томонидан бир кунда юзлаб зарба берилгани ҳақида маҳаллий расмийлар маълумот берган.
РФ расмийлари тинчлик музокараси давом этиши учун Украина томони ҳудудий масалада ён беришга тайёр туриши кераклигини билдирмоқда.
Кремль Яқин Шарқдаги вазият ва Эрон атрофидаги воқеаларни танқид қилиб, бу ндай саъй-ҳаракат глобал хавфсизликка таҳдидлигини айтди.
Украина раҳбарияти тинчлик музокарасининг кейинги босқичи хавфсизлик вазиятига боғлиқлигини қайд этган. Киев томони фикрича, Россия низо бошлангандан буён Украинага қарши минглаб “Shahed” русумли дрондан фойдаланган. Дарвоқе, РФ АҚШ таклиф қилган хавфсизлик кафолати режасини муҳокама қилишга тайёрлигини билдирган.
Халқаро нашрлар ва геосиёсий нуқтаи назар
Хориж матбуоти Россия ва Украина ўртасидаги музокара мураккаб кечаётгани, ҳозирча бирор келишувга эришилмаганига эътибор қаратяпти. Қолаверса, Европа давлатлари РФнинг гибрид ҳаракати хавфи ортиб бораётганидан огоҳлантирмоқда. Масалан, Швеция русларга тегишлилиги тахмин қилинган дронни зарарсизлантиргани хабар қилинган. Таҳлилчиларга кўра, сўнгги икки кунда урушнинг асосий тенденцияси икки йўналишда намоён бўлмоқда. Биринчидан, фронтда позицион кураш давом этяпти ва дронлар ҳал қилувчи аҳамият касб эта бошлади. Иккинчидан, дипломатик ҳаракат яна фаоллашди. Россия ҳудудий талабларни илгари сурмоқда, Украина эса хавфсизлик кафолатини асосий шарт сифатида кўради. Шу боис, яқин ҳафталарда уруш майдонида кескин бурилиш эмас, балки музокара атрофидаги сиёсий тортишув кучайиши эҳтимоли юқори, дея баҳоланмоқда.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА