Шу кунларда Душанбеда бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси 4 июнь куни Россия – Тожикистон (Славян) университети ректори Тоҳир Хўжазода ҳамда мазкур муассаса ҳузуридаги Геосиёсий тадқиқотлар маркази директори Гузел Майтдинова билан учрашди.
Музокара чоғида томонлар Ўзбекистон – Тожикистон ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолатини юқори баҳоладилар. Давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон ўртасидаги келишувлар туфайли барча соҳаларда икки томонлама алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилди.
Шулар қаторида икки томонлама қўшма илмий-амалий тадқиқотлар ва комплекс эксперт-таҳлил марказлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда муайян соҳалардаги янги ўсиш нуқталарини аниқлаш юзасидан фикр алмашилди.
Бундан ташқари, университет раҳбарияти Марказий Осиё халқаро институти илмий доира вакиллари томонидан талабалар ва педагоглар учун минтақавий шерикликнинг долзарб масалалари бўйича онлайн маърузалар ташкил этилишига қизиқиш билдирди.
Мазкур йўналишдаги алоқаларни юқори даражада таъминлаш мақсадида Марказий Осиё халқаро институти ва Россия – Тожикистон (Славян) университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича Битим имзоланди.
ЎзА