Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Россия соғлиқни сақлаш вазири Самарқанд болалар хирургия марказига келди
18:35 / 2023-06-05

Самарқанд шаҳрида жорий йилнинг 3-4 июнь кунлари ўтказилган Ўзбекистон – Россия тиббиёт форуми доирасида Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко Самарқанд болалар хирургия марказида бўлиб, бу ерда беморларга юқори сифатли, замонавий тиббий хизмат кўрсатилаётганига гувоҳ бўлди.

- Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида, айниқса, болалар саломатлигини сақлаш бўйича қилинаётган ишларга ҳавасимиз ортди, – деди М.Мурашко. – Буни мазкур марказида яратилган шароит, замонавий тиббий ускуналардан фойдаланилаётгани, шифокорларнинг юқори профессионаллигида кўриш мумкин. Россиялик шифокорлар самарқандлик тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликда ишлаш, ўзаро тажриба алмашишга ҳамиша тайёр.

Россия Федерацияси соғлиқни саклаш вазирлигининг бош болалар хирурги, Вельтищев номидаги педиатрия ва болалар хирургияси клиник илмий текшириш институти директори  Дмитрий Морозов марказда даволанаётган беморларни тиббий кўрикдан ўтказди, самарқандлик ҳамкасблари билан суҳбатлашиб, зарур маслаҳат ва тавсиялар берди. Болалар хирургияси соҳасида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинди.

Бугунги кунда болалар хирургия маркази Россия Федерацияси тиббиёт университетларининг 30 га яқин клиникалари билан  академик мобиллик, шифокорлар ўртасида малака ошириш каби йўналишларда ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Маълумотларга кўра, икки кунлик форум доирасида қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш, Ўзбекистонда Россия тиббиёт таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш, соғлиқни сақлаш соҳасига инвестицияларни жалб қилиш, шерикликнинг янги шаклларини жорий этиш бўйича 172 меморандум ва қатор келишувлар имзоланди. Шунингдек, томонлар ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш ва ривожлантириш бўйича резолюция қабул қилди.

Анжуманда тиббиёт соҳасини рақамлаштириш бўйича қўшма лойиҳалар, кадрларни тайёрлаш, қайта ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини амалга ошириш, биргаликда илмий-амалий анжуманлар, маҳорат дарсларини ўтказиш, илмий тадқиқотларни олиб бориш, нейрохирургия, педиатрия, хирургия, кардиология, онкология йўналишларида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Ғ.ҲАСАНОВ,  

ЎзА