Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Россия Федерацияси билан олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик кўлами кенгаяди
15:23 / 2021-01-29

Шу кунларда Россия Федерацияси Президентининг Хорижий давлатлар билан минтақавий ва маданий алоқалар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Антон Рибаков бошчилигидаги делегация юртимизда бўлиб турибди.

Бугун ташриф дастурига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида россиялик меҳмонлар билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Россия Федерациясининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев ҳам иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг Фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ва РФ етакчиси админинистрацияси масъул вакили ўртасидаги мулоқот давомида олий таълим ва фан соҳасидаги икки давлат муносабатларининг жорий ҳолати ва истиқболи атрофлича муҳокама этилди.

[gallery-953]

Дастлаб Россия томонига мамлакатимизда фан ва таълим соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар хусусида батафсил маълумот берилди. Яқин 3-4 йил ичида юртимизда олий ўқув юртларига қабул миқдори 50 мингдан 176 минггача ошган. Бу жараёнда хорижий таълим муассасалари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда мамлакатимизда филиаллари очилган чет эл институт ва университетлари сони 25 тага етди. Эндиликда нафақат пойтахтимизда, балки Самарқанд, Андижон, Фарғона ва Тошкент вилоятларида ҳам хорижий олий ўқув юртлари филиаллари фаолият кўрсатмоқда.

- Бугунги кунда Ўзбекистонда таълим соҳасига замонавий технологияларни жорий этишга жиддий эътибор қаратилмоқда, - дейди А.Абдувоҳидов. – Давлат раҳбарининг ушбу тизимни халқаро талаблар даражасида юксалтиришга бўлган алоҳида эътибори ва ташаббуслари натижасида юртимиздаги деярли барча олий ўқув юртлари янги, халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган технология воситалари билан таъминланмоқда. Бизнинг эндиги вазифамиз ана шу технологиялар билан самарали ишлай оладиган малакали кадрлар авлодини шакллантириш. Жаҳоннинг етакчи олий таълим муассасалари билан изчил шерикликни йўлга қўйишдан кўзланган асосий мақсадимиз айнан мана шу бўшлиқни тўлдиришдир. Бу жараёнда Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигига катта умид боғлаймиз.

Ўз навбатида Антон Рибаков коронавирус пандемияси туфайли юз берган сезиларли танаффусдан сўнг ташриф учун яратилган имкониятдан мамнунлигини изҳор қилди. Ташриф доирасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, шунингдек, Россия олий ўқув юртлари филиалларида ўтказилган учрашувлар жуда сермаҳсул, самарали бўлгани эътироф этилди.

- Бутун дунёда коронавирус пандемияси оқибатида кузатилган инқироз, молиявий қийинчиликка қарамай, Ўзбекистонда маориф, хусусан олий таълим соҳасида инфратизилмани босқичма-босқич яхшилаш, йўлга қўйилган халқаро алоқаларни нафақат узмаслик, балки янада ривожлантириш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилганига гувоҳ бўлдик, деди А.Рибаков. - Айниқса, Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети Тошкент шаҳри филиали янги биносидан том маънода ҳайратга тушдим. Энг муҳими, биз Ўзбекистонда амалга оширилаётган аниқ, изчил қўшма лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш учун ҳеч қандай бюрократик тўсиқлар йўқлигини ва аксинча биргаликдаги ишларимиз натижа бераётганини кўряпмиз. Россия Маориф вазирлиги, Таълим ва фан соҳасини назорат қилиш федерал хизмати ва бошқа масъул идоралар бундан буён ҳам Ўзбекистон билан икки томонлама манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр.

Мулоқот сўнгида ҳозиргача ишлаб чиқилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишни фаоллаштириш, келгусида икки томоннинг мавжуд салоҳиятидан унумли фойдаланиш ҳисобига ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга келишиб олинди.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ,

ЎзА мухбири