The National Interest нашри АҚШ ва Россия ҳарбий денгиз кучларининг таркибини, қурол билан таъминланганини ва тайёргарлигини таҳлил қилиб, кимда қандай устунликлар борлигини маълум қилди.
Материал муаллифи, журналист ва Пентагоннинг собиқ ходими Крис Осборннинг фикрича, Россия ҳарбий денгиз флотининг устунлик томони, унда такомиллаштирилган сувости флоти мавжуд эканидир.
"Россиянинг илғор сувости кемалари АҚШ ҳарбий денгиз флотига қарашли сувусти кемаларининг Қора денгизда эркин ва назоратсиз сузишини қийинлаштириши шубҳасиз", дея таъкидлайди у.
Шу билан бирга, муаллифнинг ҳисоб-китобича, агар очиқчасига тўқнашув бўлса, вертолёт ва зарбдор ўзи учар қурилмаларни учириш мумкин бўлган сувусти кемалари сони озлиги сабабли Россияга ҳам осон бўлмайди.
Тўқнашув тақдири борт тизимидаги қуролларнинг нишонни аниқ олишига, денгиз дронлари, сенсорлар ва кема радарларининг хатосиз ишлашига кўп томонлама боғлиқ бўлади, дея хулоса қилади Осборн.
Бундан аввалроқ АҚШ ҳарбий денгиз кучларининг истеъфодаги адмирали ва Шимолий альянснинг собиқ қўмондони Джеймс Ставридис Россия билан Украина муносабатлари кескинлашган тақдирда қуролли тўқнашувлар катта эҳтимол билан айнан Қора денгизда бўлишини тахмин қилган эди. Ставридиснинг таъкидлашича, агар тўқнашув содир бўлса, Москва сўзсиз ғалаба қилади, чунки НАТО қўшинлари ҳудудга вақтида етиб келишга улгурмайди.