Роналдунинг бойлиги миллиард доллардан ошди ва у тарихга кирди
Футбол оламидаги ҳар бир янгилик Криштиану Роналду номи билан боғлиқ бўлса, албатта катта қизиқиш уйғотади. “Bloomberg” агентлиги тарқатган сўнгги маълумот ҳам айнан шундай тоифадаги хабарлардан бири бўлди.
Агентлик хабарига кўра, португалиялик юлдуз Криштиану Роналду тарихда илк бор умумий бойлиги бир миллиард доллардан ошган футболчи сифатида қайд этилди. Ҳозирги кунда унинг мол-мулки 1,4 миллиард АҚШ долларига етгани “Bloomberg” миллиардерлар индексларида расман акс этди.
Маълумки, Роналду 2025 йил июнь ойида Саудия Арабистонининг “Ан-Наср” клуби билан умумий қиймати 400 миллион доллардан ортиқ бўлган янги шартнома имзолаган эди. Мазкур битим футболчини дунёнинг энг бой ва нуфузли спортчилари қаторига олиб чиқди.
Ҳисоб-китобларга кўра, Роналду 2002–2023 йиллар мобайнида фақат футбол фаолияти орқали 550 миллион доллардан зиёд даромад кўрган. Шунингдек, у йирик брендлар билан ҳамкорлик қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА