Бухоро вилояти Ромитан туманидаги “Ёшлар дафтари” га киритилган ўғил-қизларга махсус техника ва жиҳозлар топширилди.

Тадбирда Президентимиз ташаббуси билан ёшларга қаратилаётган эътибор, имкониятлардан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. “Ёшлар дафтари” рўйхатида бўлган 64 нафар ёшларга 307 миллион сўмлик тикув машиналари, 2 нафарига 19 миллион сўмлик компьютер жамланмаси топширилди. Шунингдек, 28 нафар ёшларга мотокультиватор учун 302 миллион, 2 нафарига мини печ учун 12 миллион, 4 нафарига гўзаллик салони очиш учун 28 миллион сўм берилди.

– Тикувчилик соҳасига жуда қизиқаман, – дейди “Азизон” маҳалласида яшовчи Гулмира Қаюмова. – Маҳалламиздаги ёшлар етакчисига субсидия асосида тикув машинаси олишга ариза топшириб, ҳунар ўрганиш мақсадида туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ташкил этилган тикувчилик ўқув курсида ўқидим. Бугун мутасаддилар томонидан менга субсидия асосида тикув машинаси топширилди. Бундан жуда хурсандман.

Амалга оширилаётган ишлар натижада 102 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланиб, “Ёшлар дафтари” рўйхатидан чиқарилади.
Зариф Комилов, ЎзА