Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ромитандаги археология меросига зарар етказилган
17:47 / 2023-05-29

Вилоят прокуратураси, ДХХ Бухоро вилояти бошқармаси хамда вилоят Маданий мерос бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган текширишларда Ромитан туманида жойлашган ўрта асрларга оид 5 та археология мероси объектларида ноқонуний қазиш ишлари олиб борилганлиги ва бошқа сабабларга кўра жами 291,4 миллиард сўмлик зарар етказилганлиги аниқланган. Бу ҳақида Бухоро вилояти прокуратураси расмий хабар берди.

Хусусан, ноқонуний қазиш ва бузиш ишлари олиб борилганлиги сабабли, ўрта асрларга оид “Тепа 9” археология мероси объектига 269,6 миллиард сўмлик, “Қалъаи Муллабектепа” ёдгорлигига 19,7 миллиард сўмлик, “Амиртепа” ёдгорлигига 1,1 миллиард сўмлик, “Хўжа Ҳаққитепа” ёдгорлигига 832 миллион сўмлик ва “Тепа-5” ёдгорлигига 202 миллион сўмлик зарар етказилган.  

Мазкур ҳолатлар юзасидан вилоят прокуратураси томонидан 2023 йил 19 апрелда Жиноят кодексининг 132-моддаси 3-қисми “а” банди (Моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш) ва бошқа моддалар билан жиноят иши қўзғатилган.  

Маданий мерос агентлигининг Археология тадқиқотларини мувофиқлаштириш бўлими томонидан ушбу археология мероси объектларига етказилган зарар миқдори Вазирлар Маҳкамасининг 265-сонли қарори билан тасдиқланган “Моддий маданий мерос кўчмас мулк объектига етказилган моддий зарар миқдорини ҳисоблаш методикаси”га асосан етказилган зарар ҳажми объектнинг уч ўлчамлик фазовий шакли бўйича ҳисобланган.  

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида вилоят прокурори бошчилигидаги гуруҳ томонидан тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда археология объектлари жойида кўздан кечирилди.  

Тергов ҳаракатлари давомида зарар миқдорига ва бошқа ҳолатларга аниқлик киритилади ва ҳуқуқий баҳо берилади.  

Зариф Комилов, ЎзА