Бухоро вилояти Ромитан тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли, бир вақтнинг ўзида 70 кишига хизмат кўрсатадиган туманлараро перинатал маркази иш бошлади.
Марказнинг очилиш маросимида сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари, тиббиёт маркази шифокор ва ҳамширалари, жамоатчилик вакиллари ҳамда нуроний отахонлар қатнашди.
Марказ оналар ва чақалоқлар саломатлигини яхшилашга хизмат қилиши таъкидланди. Фаоллар иштирокида рамзий тасма қирқилди. Меҳмонлар туғруқ мажмуасида яратилган шароитлар билан танишди.
–Перинатал маркази Ромитан, Пешку ва Бухоро туманларидан келган тиббий хизмат олишга муҳтож ҳомиладор, туғувчи аёллар ва чақалоқларга хизмат кўрсатади, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Жамшид Тоҳиров. – Перинатал марказни малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида 1 нафар неонатолог шифокор Россиянинг Санк-Петербург шаҳрида малака ошириб қайтди. 3 нафар реаниматолог, акушер-гинеколог ва неонатолог мутахассислар Хоразм вилоятида россиялик мутахассислар томонидан ўқитилди.
Тантанада Бухоро вилояти ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Аскар Баҳронов, туман ҳокими Умиджон Барноев қатнашди.
Зариф Комилов, ЎзА