Бухоро вилояти Ромитан туманида Давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Унда вилоят ва туман сектор раҳбарлари, масъул идоралар ходимлари кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Таъкидланганидек, Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилганидан буён айрим хизматлар тўлиқ қайта кўриб чиқилди. Жами 96 та хизмат соддалаштирилди. Давлат хизматларини кўрсатиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар сони 164 тадан 78 тага камайтирилди. Хизмат кўрсатиш муддати эса 415 кундан 217 кунга қисқартирилди. Дастлаб 33 турдаги давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, ҳозирда туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари орқали жами 160 турга яқин давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда.
Туман ҳокимлигининг балансида бўлган фойдаланилмаётган бино 1 миллиард сўм атрофида маблағ сарфланиб реконструкция қилинди.
Эндиликда замонавий бинода туман Давлат хизматлари маркази, ФҲДЁ ва адлия бўлимлари, Бош вазир қабулхонаси фаолият юритади. Марказ томонидан 160 га яқин тегишли давлат хизматлари кўрсатилади.
[gallery-4628]
Шунингдек, бинода тиббиёт хонаси, болалар майдончаси, махсус касса ҳам фаолият олиб боради. Аҳолининг вақтини мазмунли ташкил этиш учун китоб жавони ташкил этилган. Китоб жавонида сиёсий, ҳуқуқий, маърифий, юридик адабиётлар мавжуд.
Бугунги кунда Ромитан тумани Давлат хизматлари марказининг Газли шаҳар, Қизил Равот МФЙ, Гугуртли ва Қизилқум аҳоли пунктларида жами 4 та филиал. фаолият юритиб келмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида ушбу филиаллар орқали аҳолига 3 мингга яқин хизматлар кўрсатилган.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Ромитан тумани Давлат хизматлари маркази томонидан 2017 йилда аҳолига кўрсатилган хизматлар сони 1 минг 760 тани, 2018 йилда 21 минг 845 тани, 2019 йилда бу кўрсаткич 22 минг 437 тани, 2020 йилда 28 минг 364 тани ташкил этган бўлса, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида эса 24 минг 581 тани ташкил этмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА