Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти “International Management Group”(IMG) компанияси ва Италиянинг “Рома” футбол клуби вакили Карлос Перез билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Карлос Перез Элдор Шомуродов мисолида Ўзбекистонда кўплаб иқтидорли футболчилар мавжудлиги, улар жаҳон майдонларида ўз истеъдодларини кўрсатиб келаётганлигини эътироф этди.
Бундан ташқари, “Рома” клуби академиясини Ўзбекистонда ташкил этиш имкониятлари, ўзбекистонлик футболчи ҳамда мураббийларнинг Италияда малака оширишни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, “Рома” клубининг маркетинг тизимини ўрганиб чиқиб, Ўзбекистонда амалиётга татбиқ этиш таклифи илгари сурилди.
Ўз навбатида ЎФA мутасаддилари Европанинг етакчи чемпионатлари ва клубларида Ўзбекистон брендини илгари суриш бўйича ўз таклифларини билдирди. Карлос Перез келажакда бу каби истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга доимо тайёр эканлигини айтиб ўтди.
Шу ўринда айтиш жоизки, IMG спорт тадбирларини ташкил этиш, менежмент, маркетинг каби бир қатор йўналишлар бўйича дунёдаги етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. Ҳозирда мазкур компания замонавий футболни ривожлантириш борасида кўплаб мамлакат ва клублар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
ЎзА