ФОТОРЕПОРТАЖ
Қарши шаҳридаги Роғузар маҳалласининг ободлиги йўлида олиб борилаётган ишлар нафақат моддий, балки маънавий қадриятларни ҳам қамраб олган. Маҳаллада ўтказилаётган маданий тадбирлар, анъанавий байрамлар ва хотира кечалари аҳолининг ўзлигини англашига, миллий ғурурини оширишга хизмат қилмоқда. Кексаларни эъзозлаш, ёшларга мураббийлик қилиш каби эзгу анъаналар эса мазкур маҳаллада мустаҳкам ўрин эгаллаган қадриятдир.
Маҳалла еттилиги, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ёлғиз қарияларга ҳам алоҳида эътибор қаратади. Уларга моддий ёрдам кўрсатиш, тиббий хизматларни ташкил этиш ва ижтимоий мослашишларига кўмак бериш каби тадбирлар мунтазам равишда амалга оширилмоқда.
– Ҳудудимизда учта драйвер йўналиш бор – тикувчилик, қандолатчилик ва новвойлик, - дейди Роғузар маҳалласи раиси Дилноза Файзиева. – Бу соҳалар нафақат аҳоли бандлигини таъминламоқда, балки маҳалланинг иқтисодий ҳаётига ҳам катта ҳисса қўшаётир. Тикувчилик цехларида кўплаб аёллар иш билан таъминланган, улар ўз меҳнати орқали оиласига даромад келтирмоқда. Қандолатчилик эса ёшлар орасида жуда машҳур – улар янги рецептлар, миллий ва замонавий ширинликларни яратиб, аҳоли дастурхонига етказиб бермоқда.
[gallery-27201]
Маҳалла еттилиги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун банклар билан ҳамкорлик ўрнатган. Бундан ташқари, ёшларни касб-ҳунар курсларига жалб қилиш орқали уларни тикувчилик, қандолатчилик ва новвойликка ўргатиш ишлари йўлга қўйилган.
Роғузар маҳалласининг келажаги порлоқ. Маҳаллада амалга оширилаётган ҳар бир иш, ҳар бир ташаббус келажак авлод учун мустаҳкам замин яратишга қаратилган. Ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, тадбиркорларнинг фаолият юритиши ва аҳолининг фаровон ҳаёт кечириши учун эса барча шароит яратилмоқда.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА