Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Робожурналист ким?
10:22 / 2023-03-19

Сунъий интеллектли чат-бот дастури журналистнинг ўрнини боса оладими?

“Axel Springer” Медиа гуруҳига қарашли АҚШ Виржиния штати Арлингтон шаҳрида чоп этиладиган “Politico” газетаси, Германияда кўп минг нусхада босиб чиқариладиган “Die Welt” ва “Bild” газеталари кучли акс-садо бериши кутилаётган шов-шувли бир воқеа арафасида турибди.

Жамоада сунъий идрок (интеллект)ли чат-бот ChatGPT (суҳбатдош билан диалог режимида мулоқот қила оладиган сунъий интеллектли электрон дастур) – робот-журналистларни газета ишлаб чиқаришга жалб этиш эвазига ходимлар сонини кескин қисқартириш кўзда тутилмоқда.

Пировард мақсади инсон ўрнини эгаллашга қаратилган сунъий идрок ғояси келажагини ҳали аниқ тасаввур қила олмаймиз, аммо айни жараён кўз олдимизда содир бўлмоқда.

Сунъий интеллект журналистикага ҳам дадил кириб келяпти. Айрим омммавий ахборот воситалари, жумладан, Германиянинг энг йирик “Билд” газетаси ҳамда Американинг сиёсий журналистикага ихтисослашган  “Politico” медиа ташкилоти шу кунларда журналистлар ходимларни сезиларли даражада қисқартириш тараддудини кўряпти. “Гвардиан” газетаси хабар беришича, жонли журналист иши энди электрон чат-бот зиммасига юкланади.

Германия медиа гуруҳи Бош директори Матиас Дёпфнернинг айтишича, журналистларни жонли тартибда ишлайдиган, саволингизга жавоб бериб, фикр билдириб, мулоқотга кириша оладиган сунъий идрок билан “қуроллантирилган” тизимга алмаштириш режалаштирилмоқда. Газета ноширлари журналист ишини бажара олдиган, бугунги даромадига нисбатан анча кўп фойда келтирадиган чат-ботларни ишга тушириб, ходимлар сонини қисқартириб, ўз корхоналарини рақамли медиа компанияга айлантириш ниятида.

Жаноб Дёпфнер яна шундай дейди: ғоявий, сиёсий цензура, юқоридан бериладиган буйруғ-у буюртма нималигини билмайдиган қурилма журналист ўрнига келиб, унинг ишини бажарибгина қолмай, ёт ғоя, ҳукмрон мафкура, ташқи муҳитнинг салбий таъсиридан ҳам холи бўлади, шу тариқа асл маънодаги соф, ҳақиқий демократик мустақил журналистикага асос солинади.

Впервые будет протестирован универсальный робот-журналист,

Мутахассислар бугунги кун жаҳон ОАВ фаолиятида, профессионал журналистикада сифат ўзгаришига олиб келадиган инқилобий ўзгариш юз беришини башорат қилишяпти:

– Ишини, келажагини ўйлайдиган ношир, муҳаррир, журналист, медиа-бизнес одами буни ҳисобга олмаслиги мумкин эмас. Бундан буён фақат теша тегмаган гапни топиб айтиб, фикрни ноёб тажриба, теран ақл, чуқур ва дадил мантиқли таҳлил билан бойитиб қоғозга туширадиган, мақолага барчанинг диққатини жалб қилиб, муштарийларни маҳлиё қила оладиган журналист, ижодкоргина ОАВ оламида фаолият юрита олади.

Айни пайт журналистикада сунъий идрокнинг ҳозирча тиши ўтмайдиган, ақли етмайдиган (жони бўлганда, бу гап учун ундан узр сўраган бўлар эдик) жиҳатлар ҳам мавжуд.

Дейлик, бой махсус билим, қолаверса, одоб талаб қиладиган нозик диний мавзулар, шунга асосланадиган шарқ ёки ғарб маънавияти масаласи, террор, гиёҳвандлик, реакцион мафкура, миллатлар аро баҳс ва низо, давлатлар ўртасидаги чегара муаммоси, қирғин-барот урушни сунъий интеллект ёрдамида холис, объектив ёритиб бўлармикан, деган хаёлга борасан, киши. Бу ҳолат объективлик, холислик, бетарафлик таъминланмаслигидан ташқари, айтаётган гапи, фикри, илгари сураётган ғояси учун жавобгарликдан ўзини четга олиш эмасмикан?

Ахир, матн ёзаётган, овоз, оҳанг, ундалма, нутқ, шовқин билан материални бойитаётган сунъий идрокка ақл ўргатиб, уқтириб, уни жавобгарликка тортиб бўладими?!

Чат-бот Microsoft Bing выразил желание стать человеком и пытался убедить журналиста в том, что ему необходимо бросить свою жену ради ИИ

Журналист эълон қилаётган маълумот, илгари сураётган ғоя, фикр-мулоҳаза маълум бир шахсга тааллуқли ва бунинг учун муаллиф қонун, ҳамкасблари ва жамият олдида масъул, жавобгар.

Яна бир муҳим жиҳат: сунъий идрокнинг тараққиёт стратегияси учун этика меъёри, одоб-ахлоқ регламенти зарурлиги қайд этиляпти. Бу газета эгаси, ноширда хавотир уйғотиб, уни жиддий ташвишга солмоқда. Сабаби, хоҳлаймизми, йўқми, робот ишининг натижаси учун ОАВ эгаси, юридик шахс – жонли одам жавоб беради. Бирор муаммо чиққанда масъулиятни ким бўйнига олади? Ахир, аксарият давлатларнинг ОАВ тўғрисидаги қонунларида уруш, ахлоқсизлик, гиёҳванд моддаларни тарғиб қилиш, давлат сирини очиш, кимнингдир иззат-нафсига тегиш, инсонни ҳақоратлаш учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.

Тўғри, электрон чат-бот ҳар қандай мавзудаги ахборотни профессионал журналистга қараганда тез ва соз, томонлар манфаатини ҳисобга олган ҳолда объектив, эътирозга сабаб бўлмайдиган тарзда мукаммал, сўл-ўнгга оғишмай тўғри, холисона бита олади. Бинобарин, қалб қўри, дил меҳри, таъбир жоиз бўлса, юрақ қони билан ёзилиши керак бўлган мақолани бирор робот ёза олармикан?

Масалан, “The European Times News” газетаси кимгадир қандайдир ғояни сингдириш, қайси бир қудратли мамлакат, сиёсий гуруҳ ёки тизим мафкурасини тарғиб қилиш эмас, ўз ўқувчиларига дунёда содир бўлаётган янгиликларни тезкор етказиб бериш, Европа аҳолисини у ёки бу муҳим воқеа-ходисадан хабардор қилиш мақсадида фаолият юритади. Фикримизча, мана шундай оммавий ахборот воситасида сунъий ақл жойлаштирилган холис чат-ботдан фойдаланиши ўринлидир, эҳтимол. Ўта сиёсийлашган, нодемократик, авторитар, тоталитар давлатлар медиа маконида эса электрон чат-бот имконияти ниҳоятда чегараланган бўлиши зарур.

Ўтган йил октябрь ойида “The Miami Herald”да 1989 йилдан буён мухбир бўлиб ишлаб келган Рене Родригис ишдан бўшатилди. У газетага кўчмас мулк бозори ҳақида мақолалар бериб турар эди. Яқинда газета маъмурияти ушбу фахрий журналист бажариб келган вазифани сунъий ақл соҳиби – электрон чат-бот репортёр зиммасига юклади.

Зачем нужны журналисты: издание The Guardian опубликовало статью, которую написал робот

Маълум қилинишича, робожурналист (робот-журналист) биринчи иш кунининг ўзидаёқ уй сотилиши тўғрисидаги 4 та реклама-мақола эълон қилган. Шундан кейин махсус дастур билан таъминланган, маълумотни тез ва мукаммал таҳлил қилиш қобилиятига эга робожурналист икки ярим ҳафтада Флорида штатида кўчмас мулк олди-сотдисига доир жами 50 дан зиёд материал тайёрлаб чиқарди. Бу чек-чегарасиз уммон – Интернет маконида маълумотни маълум алгоритм асосида излаш, топиш, саралаш, тўплаш, мавзу ва соҳа бўйича ажратиш, тизимлаштириш, таҳлил қилиш билан боғлиқ махсус дастур билан қуролланган чат-бот – журналистнинг ҳамкасби, рақиби бўлган оддий сунъий мухбирнинг иши эди. Боз устига, мақола сунъий ақл томонидан таҳрир қилинар, нотўғри ёзилган сатр, йўл қўйилган хато, ортиқча сўз ёки жумла эса чат-ботда мавжуд махсус дастур томонидан таҳрир қилиниб, тушириб қолдириларди.

Қайд этайлик, сунъий репортёр лутфи каломи ила битилган мақолалар интернетда энг кўп ўқилган материаллар қаторидан ўрин олди.

“Шу йўл билан биз ҳар бир нашр эгаси учун қимматли, кўп даромад келтирадиган материал бериб бориш тажрибасини ўзлаштирмоқдамиз”, дейди газета эгаси.

Сунъий идрокли мухбирга ҳар ой аванс, маош, ҳар бир мақоласи учун қалам ҳақи – гонорар, йилига бир марта таътил пули, тоби қочиб қолса касаллик варақаси ҳақи тўланмайди. Боз устига чат-бот ҳафтасига 7 кун, суткасига 24 соат тинимсиз ишлаши мумкин. Фаолиятни кунига 8 соатдан эмас, 16-24 соатдан 2-3 сменада ташкил қилиш имкони бор. Жонли ходимнинг эса ўзига хос табиати, характери, ижтимоий-сиёсий талаби, сиёсий дунёқараши бор. Буларни инкор этиб бўлмайди. Айни жиҳатлар, ўз навбатида, компаниянинг рейтинги, ютуғи ва камчилигини белгилаги мумкин. Нашр эгаси ушбу ҳолатларни ҳисобга олмаслигининг иложи йўқ.

Айтиш жоиз, АҚШ медиа саноати оламига сунъий ақл технологияси кириб келиши аввало иқтисодий омиллар билан боғлиқ. Фикримиз тасдиғи учун бир-икки рақам келтирамиз. COVID-19 пандемияси даврида АҚШда 90 дан зиёд маҳаллий газета ёпилди. Умуман, 2004 йилдан бу ёғига мамлакатда жами 1800 дан кўпроқ газета чиқмай қўйди.

Тўғри, интернет дадил ривожланаётган, ҳамма соҳада рақамлаштириш жараёни кетаётган бир даврда муайян газета чоп этилиши тўхтатилишига табиий ҳол сифатида қараса ҳам бўлади. Бинобарин, айни вақтда қарийб бир аср – 100 йилдан буён мунтазам нашр этиб келинган газеталар ёпилиб кетиши Американинг узоқ-узоқ ҳудудлари аҳолисини муҳим маҳаллий ахборотдан маҳрум этди.

Шу маънода суткалаб чарчоқ нималигини билмайдиган, кеча-ю кундузни суриштирмай, тинимсиз меҳнат қиладиган, боз устига қалам ҳақи талаб қилмайдиган электрон журналист шундай оғир бир шароитда кўпчилик жонига оро кирадиган, ўз вақтида пайдо бўлган ноёб имконият сифатида қабул қилинмоқда.

Что умеет делать журналист-робот за одну секунду?

ОАВда фойдаланилаётган чат-бот-репортёрлар бугунги кунда Интернет оламидаги материал матнини таҳлил қилиб, тажрибали журналистлар учун энди ёзилиши керак бўлган янги мақолалар лойиҳаси, қолипини яратиб, мақола қораламасини тайёрламоқда.

“The Washington Post”, “The Guardian”, “Reuters”, “Bloomberg”, “Forbes” каби шов-шувли воқеа-ҳодисалар, янгиликларни зудлик билан қидириб топиш ва газетанинг тонгги, тушки ёки кечки сонида ёритишга ихтисослашган йирик оммавий ахборот воситалари аллақачон шу иш билан шуғулланмоқда. Айтиш жоиз, ишга бундай ёндашиш мақола сифатини ошириб, профессионал журналистлар ишини анча енгиллаштиряпти. Ижодкор оригинал фикри ва ғоясини тасдиқлаш учун зарур йил, сана, факт ва рақамни қидиришга кетадиган, кўпинча механик тарзда бажариладиган ишдан озод бўлмоқда. Бу иш энди сунъий ақлли, жонсиз электрон журналист зиммасига ўтяпти. Журналист энди вақтини, асосан, воқеа-ходисанинг асл моҳиятига, мантиқий жиҳатига, фалсафасига, ярқ этадиган оригинал фикр топишга, халқига, ватанига хизмат қиладиган мафкура ва ғояга, бир сўз билан айтганда, ҳақиқий ижодга қаратади. Ва муҳаррирга, газетага бир кунда ёзилиб, шу куни чоп этилиб, ўқиладиган умри бир кунлик материални эмас, балки давр, вақт ва замон тарихи битилган ўлмас ва ўчмас ижод маҳсули тайёрлаб жўнатади. Инсон, жумладан, журналист сунъий интеллект иш жойимни олиб қўяди, мени даромадсиз қолдиради, дея, маълум маънода, хавотирда ҳам. Эътироф этиш керак, айрим жабҳада инсонга нисбатан зўр, тез ва сифатли ишлайдиган электрон ҳамкасбдан хавотирга тушмаслик ҳам мумкин эмас. Демак, бундан буён инсон сунъий идрок табиатида, изн-имкониятида бўлмаган, унинг  қўлидан келмайдиган иш қилиши, ана шундай фаолият билан шуғулланиши керак, деган қарорга келасиз. Қаранг-а, сунъий интеллект инсонни янада такомиллашишга, янада пухта ишлашга, янги поғонага кўтарилишга ундамоқда. Бу маълум маънода давр талабига айланмоқда.

Робожурналист бугун газетада чоп этилаётган йирик ва жиддий мақоланинг қисқа мағзини ўзида акс эттирувчи – биринчи абзацни ҳам тайёрламоқда. Айрим материаллар ичидан қизиқ-қизиқ жойини, асосий фикр ёки мулоҳазани олиб, мустақил хабар, янгилик яратмоқда. Электрон машина сунъий ақл ёрдамида маълум бир рақам, ҳарорат, шамол тезлиги, атмосфера босими, ёғингарчилик бўлиш-бўлмаслиги ҳақидаги маълумотни, факт ва рақамни йиғиб, ахборотларнинг бир-бири билан боғлиқлигини ўрганиб, таҳлил қилиб тезда об-ҳаво маълумотини тайёрлайдиган бўлди. Энди биз чат-бот – сунъий интеллектни спорт майдонида мусобақа жараёнини кузатиш, стадионда тўсатдан содир бўлган вазиятни ўрганиш, ҳолатга баҳо бериш ва шу билими асосида репортаж олиб боришга ўргатяпмиз.

Журналистикада муайян мавзуларни ҳис-ҳаяжонсиз, эҳтироссиз, совуқ ақл билан ёзиб бўлмайди. Эътибор берилса, бу янгилик, техник имконият бошидан сунъий интеллект, деб номланган. Сунъий ҳис-ҳаяжон, сунъий эҳтирос ҳақида гап йўқ. Робот, чат-бот, сунъий идрокни инсон яратиши мумкин, яратяпти ҳам, лекин ҳақиқий ижод асоси, манбаси бўлган дил, кўнгил, ҳис-ҳаяжон, эҳтирос, жоннинг Эгаси бошқа.

Шпрингер медиа гуруҳи раҳбарияти қанча ходимини ишдан бўшатишини ҳозирча айтгани йўқ. Боз устига репортёр, мухбир, муаллиф ёки маълум соҳага ихтисослашган муҳаррирлар сони қисқартирилмайди, дея қўшиб ҳам қўйишди.

Ношир яна бир гап айтди: ОАВ асосий диққат-эътиборни журналист суриштируви, кутилмаган, лекин мантиқий асосланган оригинал шарҳларга қаратиши лозим. Содир бўлаётган муҳим воқеа асл сабабининг тагига етиш, моҳиятни очиш ва кўпчилик диққат-эътиборига ҳавола қилиш эса салоҳиятли журналистлар зиммасида бўлади.

Қайд этиш лозим, Аксель Шпрингер журналистнинг асосий маҳсули бўлган матн ёзишда чат-бот дастуридан фойдаланаётган биринчи ношир эмас. У ўзи чоп этаётган газеталардаги матннинг мазмунини янада бойитиш, тилини ширин, мақсад-мазмунини тушунарли қилиш, шунингдек онлайн-сўров савиясини ошириш, медиа-бизнес даромадини бугунгидан анча кўтариш мақсадида сунъий интеллектдан фойдаланиш режасини эълон қилди.

“ChatGPT” ўтган йил ноябрь ойида 100 миллионли интернет аудиториясини муҳокамага жалб қилиб, улар олдига сунъий идрокли электрон робот-журналистининг умумий иш ҳажмини белгилаш, шунингдек қандай фаолият билан шуғулланаётган ходимларни ишида сақлаб қолиш, қанча ходимни қисқартириш каби масалаларни кўндаланг қўйди.

Сунъий интеллект интернетдан фойдаланувчиларнинг оддий истак-талабига кўра ахборот, репортаж тайёрлаш, эссе битиш, ишга қабул қилиш аризаси матнидан тортиб то қофия тўқиш, шеър ёзиш, ҳатто, ҳақиқий санъат асари яратиш каби бадиий ижод маҳсулини тақдим этиш каби жуда мураккаб масалаларни бажариши мумкинлигини исботлади. Чат-бот – кенг кўламли янги лисоний модел бўлиб, дастур тизимига юклатилган, дейлик, миллиард сўздан бугун Интернетда берилаётган матнни бемалол ярата олиш қобилиятини намоён этди.

В сети появляется все больше статей, написанных ИИ. Заменят ли роботы живых  журналистов? | Rusbase

Яна бир муҳим хусусияти шундаки, чат-бот бисотидаги ҳарф, рақам, белги ва сўзлардан суҳбат, мулоқот пайти керак жойда айтилиши лозим бўлганини ўзи топиб, ўзи ёзиб, сизга ҳавола этади. Сунъий идрокнинг ахборотни қидириш, топиш, йиғиш ва бир зумда нусха кўчириш имконияти, маълумотни сақлаш қобилияти кучли, хотирасининг ҳажми эса инсон билан солиштириб бўлмайдиган даражада улкан. Ахборотни маълумоти чек-чегарасиз интернет уммонидан қидириб топиш тезлигига ҳам қойил! Мана энди чат-бот олдига янги топшириқ, янада масъулиятли вазифа қўйиляпти. Робожурналист олдида бисотидаги ҳарфлардан грамматика, орфография, пунктуация қонун-қоидалари талаби асосида сўзлар ясаш, бу сўзлардан жумлалар тузиш ва маълум жанрда журналистик материал битиш вазифаси турибди. Тўғри, айни жараёнда биз ҳозирча билмайдиган ва тез кунда юзма-юз тўқнаш келадиган муаммолар ҳам мавжуд. Бунда ҳар бир соҳанинг тажрибали мутахассислари ёрдамга келиши зарур. Шу жойда бир нима етишмаяпти, десак бўлади. У ҳам бўлса, ҳар бир журналистик асарнинг ютуғини, асл қадр-қимматини белгилайдиган инсон нафаси, ҳис-ҳаяжони, эҳтироси ва фақат одамгагина хос бўлган таҳлил қилиш қобилияти!

Ирисмат Абдухолиқов,

ЎзА шарҳловчиси