Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ризван Набиев: Тошкент ассамблеяси овозини бутун дунё эшитмоқда (+видео)
11:56 / 2025-04-06

Тошкентда Парламентлараро иттифоқнинг 150-ассамблеяси давом этмоқда. ЎзА мухбири ассамблеяда иштирок этаётган Озарбайжон Миллий межлиси аъзоси Ризван Набиев билан суҳбатлашди:

– Юбилей ассамблеянинг қардош Ўзбекистонда, гўзал Тошкент шаҳрида  ўтказилаётгани, албатта, бизни жуда мамнун қилди. Чунки, биз жуда яқин, қардош халқлармиз.  

Айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистон ва Озарбайжон парламентлари орасида дўстона ва самимий ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Бу ҳамкорлик йилдан-йилга чуқурлашиб, мустаҳкамланиб бормоқда. Муҳими, бу халқларимиз манфаатига хизмат қилаётир.

Ассамблеяда кўтарилаётган мавзуларга тўхталсак, бу – ижтимоий адолатни таъминлашдек муҳим масаладир. Бу ҳар бир шахснинг ҳуқуқлари таъминланишига шароит яратиш билан боғлиқ. Зотан, дунёда бугун турли қарама-қаршилик, ихтилофлар йўқ эмаски, бундан одамлар жабр чекмаётган бўлса. Шундай муаммолар ечими ҳақида 180 дан ортиқ мамлакат парламентлари вакиллари йиғилиб, фикр алмашиши ўз натижасини беради. Биз ҳам Озарбайжонда айнан шу йўналишда тўпланган тажриба билан бўлишамиз.  

Ушбу йирик халқаро тадбир Ўзбекистон томонидан юксак даражада ташкил этилган. Қулай муҳит, долзарб масалалар муҳокамаси давом этаётган Тошкент ассамблеяси овозини бугун бутун дунё эшитмоқда. Бу ҳақда жаҳон матбуоти ёзмоқда ва ҳали бу кўп давом этади.  

Ўзбекистонга тўртинчи бор келишим. Ҳар сафар келганимда ўзгаришларга, илгарилаб кетаётган ривожланишга гувоҳ бўламан.

Эътироф этиш керакки, мамлакатларимиз раҳбарлари – Мирзиёев ва Алиев ўртасида юксак даражадаги сиёсий, ўз навбатида, самимий, очиқ мулоқот ўрнатилган. Бу халқаро ташкилотлар доирасида, жумладан, БМТ, ИҲТ, ТДТ каби нуфузли тузилмаларда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Ўзаро яқин ҳамкорлигимиз эса мамлакатларимиз тараққиёти, халқларимиз манфаатларига хизмат қилмоқда.  

<iframe width="791" height="445" src="https://www.youtube.com/embed/V2Ns0raURL0" title="Rizvan Nabiyev: Toshkent assambleyasi ovozini butun dunyo eshitmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

    Норгул Абдураимова,

    Аброр Содиқов (видео), Улуғбек Тўхтаев (монтаж), ЎзА