Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ризқлар тақсимланадиган вақтни ғанимат билинг
17:23 / 2024-03-28

Рамазон ўгитлари

Ёшлик пайтларимизда катта бувим оила аъзоларимизни доимо эрта туришга, хонадонларни озода ва покиза сақлашга тарғиб қилар эди. Мурғак чоғларимданоқ қулоғимга сингиб қолган сўзлари шу эди: “Эрта турган кишини, худо ўнглар ишини”. Ҳаттоки, баъзи оилалар ҳақида фикр сўралганда: “У хонадоннинг аёли эрта туради. Аллоҳдан яхшиликларни сўрайди. Шунинг учун унинг хонадони тартибли ва барокатли”, дердилар. 

Йиллар мобайнида хизмат юзасидан кўплаб хонадонларга киришга тўғри келди. Баъзиларини кўриб ибрат олсак, яна бошқаларини тинглаб, ислоҳ қилишга, муросага келтириб, яраштиришга ҳаракат қиламиз. Бу билан кимнингдир айбини айтиш, ошкор қилиш эмас, балки ён атрофимизда учраётган бу иллат хонадонлардан файз-баракотни кеткизаётгани, оилаларнинг бузилиб кетишига сабаб бўлаётганига жамоатчилик эътиборини қаратиш, холос. 

Қайноналардан бири билан бўлиб ўтган суҳбатдан иқтибос келтирсам: 

– Келин туширганимга ўн икки йилдан ошди. Аввалида келинимнинг уйқуни яхши кўришини ёшлигига, кейинчалик ҳомиладорлигига йўйдим. Яхши гапириб тушунтирдим. Ўғлим азонда хизматга кетади. Эр-хотин ўртасидаги кўп жанжаллар аёлининг эрта турмаслиги сабабли содир бўлади. Минг афсус, ёшлигидан одат бўлмагани учун шунча йил ўтса ҳам, эрта туришга ўрганолмади. Қиз ўстираётган аёллар фарзандларига эрта туришни ўргатишсин. Сиз шуни аёлларга етказинг, –дея илтимос қилди. 

Дарҳақиқат, динимиз ҳам эрта турган кишининг руҳи тетик ва ишлари баракали бўлишини таъкидлайди. Айниқса, бу борада Расулимиз саллаллоҳу алайҳи васаллам барчага ибрат эдилар. Ойша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Барвақт туриб ризқларингизни талаб қилинглар. Зеро, куннинг аввали барака ва нажот вақтидир” (Имом Баззор ва Табароний ривояти). 

Фотима бинту Муҳаммад розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен субҳ пайтида ухлаб ётган эдим. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам менинг олдимдан ўтиб қолдилар ва оёқлари билан мени турғазиб: “Эй қизим тур, Раббингнинг ризқ тақсимлашига шоҳид бўл ва зинҳор ғофиллардан бўлма! Зеро, Аллоҳ таоло тонг отгандан қуёш чиққунгача бўлган вақт ичида одамларнинг ризқларини тақсимлайди”, дедилар. 

Пайғамбаримиз алайҳиссалом барвақт ризқ талаб қилишга ундаб, тонг пайтида ғафлат ҳолидан чиқариш мақсадида ўз умматлари ҳаққига хайр ва барака сўраб дуо қилганлар. У Зот алайҳиссалом: “Аллоҳим, умматимнинг барвақт қилган ишларини баракали қилгин”, дея сўраганлар. 

Минг афсуски, кўпчилик аёл ва қизларимиз олтинга тенг вақтларини беҳудага сарфлаб, ярим кечагача ижтимоий тармоқларда кимнидир ҳаётини кузатиш, маъносиз сериалларни томоша қилиш билан банд. Тиббиёт ва руҳиятшунос олимлар ҳам эрта ётиб, эрта туриш инсон соғлиги, руҳияти учун катта фойда бериши ҳақида айтишмоқда. Азал-азалдан эрта туриш диний ва миллий қадрият сифатида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган энг гўзал одатларимиздан биридир. Хонадон бошлиқлари ота-оналар бу борада фарзандларига ўрнак бўлишса, бу суннатга эргашувчилар кўпайса, оилаларимиз файзли ва ҳаётимиз баракали бўлади. 

Ҳилолахон Комилова, 

Фарғона вилояти бош имом-хатибининг 

хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси, вилоят бош отинойиси.