Фарғонада Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан тантанали байрам тадбири ўтказилди.
Унда вилоятнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида юқори ҳосилдорликка эришган фермерлар, кластерлар, томорқачилар, олим ва сувчилар, тизимнинг барча фидойилари таклиф этилди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров соҳа ходимларини байрам билан табриклади.
Қишлоқ хўжалиги ходимлари экинлардан мўл ҳосил етиштириш, уни қайта ишлаш, халқимиз фаровонлигини ошириш, мамлакат экспорт салоҳиятини юксалтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлида бор куч, маҳорат, билим ва тажрибаларини ишга солиб меҳнат қилмоқда.
Сўнгги беш йилда қишлоқ хўжалигида қилинган катта ислоҳотлар, айниқса, давлат раҳбаринининг ташаббуси билан кластер тизими жорий этилгани, қишлоқ хўжалигида нарх белгилаш тизими бекор қилиниб, эркин бозор муносабатлари жорий қилингани ўз самарасини бераётганлиги қайд этилди.
–Албатта, манфаат бўлгандан кейин соҳада ривожланиш ҳам бўлади, ишлаётганларнинг уйида ҳам хурсандчилик бўлади. Тўкин-сочинлик ва ҳаётдан, қилинаётган меҳнатдан рози-ризолик бўлади. Ишонч билан айтиш мумкинки, ризқ-рўзимиз бунёдкорларининг манфаати учун бошланган ислоҳотлар бугун ўзининг узвий натижасини бермоқда, – деди вилоят раҳбари.
[gallery-5050]
Жорий йил вилоятда 800 минг тоннага яқин бошоқли дон, 280 минг тонна пахта, 1 миллион 500 минг тонна сабзавот, 350 минг тонна картошка, 380 минг тонна мева, 190 минг тонна узум, 180 минг тонна гўшт, 1 миллион 200 минг тонна сут, 560 миллион дона тухум тайёрланди. Ҳар бир йўналишда белгиланган режани ортиғи билан бажаришга эришилди, ҳосилдорлик ва самарадорлик ўтган йилга нисбатан сезиларли ошди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Анвар Асамов ҳам сўзга чиқиб, соҳа фидойиларини касб байрамлари билан қутлади. Йил давомида юқори кўрсаткичларга эришган фермерлар ҳамда соҳанинг илғор ходимлари “Қишлоқ хўжалиги”, “Қишлоқ хўжалиги фидойиси”, “Меҳнаткаш деҳқон”, “Илғор фермер” кўкрак нишонлари ҳамда вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
М. Сулаймонов, М. Қодиров (сурат), ЎзА