VI Ислом бирдамлиги ўйинларининг навбатдаги кунида Ўзбекистон делегацияси 5 тадан олтин ва бронза медалини қўлга киритди.
Жумладан, ўйинларнинг 400 метрга эркин усулда сузиш баҳсларида Илья Сибирцев, 100 метрга баттерфляй усулда сузишда Элдор Усмонов маррага биринчи бўлиб етиб келган ҳолда олтин медалга сазовор бўлди. 4x100 метрга эркин сузишда эркаклар терма жамоамиз бронза медали билан тақдирланди.

Оғир атлетика беллашувларида иштирок этган ҳамюртимиз Акбар Жўраев 110 килограммгача вазн тоифасидаги беллашувларда иштирок этиб, даст кўтариш машқида 193 кг. тошни ўзига бўйсундирган бўлса, силтаб кўтаришда 227 кг. ва иккикураш якунига кўра 420 кг. натижа қайд этиб, 3 та олтин медалга эга чиқди. Шунингдек, оғир атлетикачи қизлар орасида Турсуной Жабборова (+86 кг) учта бронза медаль билан тақдирланди. Шарофиддин Амриддинов учинчи ўриндан жой олди.

Қайд этилган мазкур натижадан сўнг, Ўзбекистон делегацияси медаль жамғаришда 15 та олтин, 17 кумуш ва 14 та бронза медаль билан умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринга кўтарилди. Туркия 51 та олтин, 24 та кумуш ва 16 та бронза медаль билан карвонбошилик қилаётган бўлса, мисрлик спортчилар 10 та олтин, 6 та кумуш, 11 та бронза медалига эга чиқиб, учинчи ўринда қайд этилди.

Бугун, 13 ноябрь куни VI Ислом бирдамлиги ўйинларининг гандбол баҳсларида аёллар терма жамоамиз қозоғистонлик рақибларига қарши илк учрашувни ўтказса, муайтай бўйича Азиза Маъмурова, Севара Дилмуродова ўз вазн тоифаларида ярим финал баҳсларини ўтказади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА