Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Риёд-2025”: Ўзбекистон делегацияси медаль жамғаришда ҳамон иккинчи
10:09 / 2025-11-18

Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида ўтказилаётган VI Ислом бирдамлиги ўйинларида Ўзбекистон делегациясининг медаллари сони 65 тага етди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, спортчиларимиз комплекс мусобақанинг навбатдаги кунида 5 та олтин, 5 та кумуш ва 3 та бронза медалларига эга чиқди.

Жумладан, енгил атлетикачиларимиздан Барнохон Сайфуллаева ва Наргиза Қўчқорова, таэквондо усталаримиздан Диёрбек Тўхлибоев ( -67 кг.) ҳамда Марат Мавлонов (+82 кг.), истеъдодли қиличбозимиз  Мейирхан Тимуров (шпага) олтин медални қўлга киритди.  

Шунингдек, Суҳроб Хўжаев (босқон улоқтириш), Шарифа Давронова (уч ҳатлаб сакраш), Жавоҳир Нурматов (шпага), Гулистан Пердибаева (сабля) ва Светлана Осипова (+70 кг.) каби атлетларимиз ўз йўналишларида кумуш медалга сазовор бўлган бўлса, Валерия Горбатова (баландликка сакраш), Аюбхон Фаёзов (босқон улоқтириш) ва Диёра Азизова (-63 кг.) бронза медаль билан тақдирланди.

[gallery-26297]

Шу тариқа, Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаль 21 та олтин, 24 та кумуш ва 20 та бронзага етди – умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринда бормоқда.  

Туркия эса 61 та олтин, 35 та кумуш ва 26 та бронза медаль билан карвонбошилик қилаётган бўлса, эронлик спортчилар 17 та олтин, 15 та кумуш, 22 та бронза медалига эга чиқиб, учинчи ўринда қайд этилди.  Миср 12 олтин, 10 кумуш ва 14 бронза медаль тўплаб тўртинчи, Қозоғистон 11 та олтин, 13 та кумуш ва 16 та бронза билан кучли бешликни якунламоқда.

Бугун, 18 ноябрь куни делегациямиз аъзолари енгил атлетика ва пара атлетика, спорт курашлари, қиличбозлик ва туя пойгаси, каби спорт турлари  бўйича мусобақаларда чиқиш қилади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА