Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Риёд–2025” ўйинларида Ўзбекистон делегацияси 96 та медаль жамғарди
09:24 / 2025-11-22

Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳри мезбонлик қилган VI Ислом бирдамлиги ўйинларида 57 мамлакатнинг 4 минг нафарга яқин спортчилари 23 та спорт тури бўйича 247 та дастурда ўтган муросасиз баҳсларда ғолиблик учун кураш олиб борди.

Ҳа, бугунги кунда мамлакатимизда мутлақо янгича асосда бунёд этилган таълим-тарбия, спорт ва маданият масканларида замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, Ўзбекистоннинг буюк келажагини ўз куч-қуввати, ўз ақл-заковати билан қурадиган ёш авлод камол топмоқда. Улар нуфузли халқаро мусобақаларда, олимпиада ва жаҳон чемпионатларида ҳеч кимдан кам эмаслигини ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини амалда исботлаётгани барчамизни қувонтиради.

Бунинг мисолини музаффар спортчиларимизнинг VI Ислом бирдамлиги ўйинларидаги улкан муваффақиятларида кўрдик. Жумладан, Ўзбекистон делегацияси 29 та олтин, 35 та кумуш ва 32 та бронза — жами 96 та медаль жамғариб, 57 мамлакат орасида умумжамоа ҳисобида иккинчи ўриндан жой олди.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, VI Ислом бирдамлиги ўйинларида оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 6 та олтин, 9 та кумуш ва 5 та бронза медалга эга чиқиб, умумжамоа ҳисобида етакчилардан бири эканлигини намойиш этган бўлса, таэквондо WT баҳсларида спортчиларимиз 3 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медалларини қўлга киритган ҳолда умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Айтиш лозим, Ўзбекистон бокс терма жамоаси ўзининг 2–3-таркибдаги 8 нафар боксчи билан иштирок этиб, якунда 3 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медаль соҳибига айланди ва умумжамоа ўртасида иккинчи ўринда қайд этилди. Дзюдочиларимиз эса яккаликда 3 тадан олтин ва кумуш, ҳамда 4 та бронза медали билан 32 та давлат орасида умумжамоа ҳисобида иккинчи бўлди. Жамоавий беллашувларда эса кумуш медалга эгалик қилди.

Шунингдек, Ислом бирдамлиги ўйинларида илк бор миллий спорт туримиз — кура бўйича кўргазмали мусобақалар ташкил этилди. Унда полвонлар эркаклар ўртасида –66 ва –81 килограмм, аёллар орасида –57 ва –70 кг вазн тоифаларида баҳс олиб борди.

Қисқа қилиб айтганда, VI Ислом бирдамлиги ўйинлари Ўзбекистон делегацияси учун жуда муваффақиятли ўтди. Умид қиламизки, Ўзбекистон делегацияси яна тўрт йилдан сўнг — 2029 йилда Малайзиянинг Селангор шаҳри мезбонлик қиладиган VII Ислом бирдамлиги ўйинларида бундан-да катта ютуқларни қўлга киритади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА