Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида VI Ислом бирдамлиги ўйинларида бугун, 7 ноябрь куни мусобақалар ўтказилмайди. Чунки бугун VI Ислом бирдамлиги ўйинларининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтади.
Куни кеча VI Ислом бирдамлиги ўйинларининг бокс баҳсларида Ўзбекистон делегациясининг 3 нафар вакили чорак финал жангларини ўтказди. Унга кўра, Зилолахон Юсупова -51 кг. вазнда мезбон боксчи Яра Аламрини иккинчи раундда техник нокаутга учратган бўлса, Хуморабону Мамажонова вазни -57 кг. бўлган чарм қўлқоп усталари баҳсида покистонлик Лаура Акрамни 5:0 ҳисобида мағлуб этди. Афсуски, -65 кг. вазнда Моҳира Аҳмедова жазоирлик Чаиб Ичракга имкониятни бой бериб қўйди.

Футзал баҳсларининг иккинчи турида Ўзбекистон терма жамоаси “А” гуруҳида Озарбайжон термасини 13:2 ҳисобида таслим этди. Шунингдек, гуруҳдаги иккинчи ўйинда Саудия Арабистони 5:1 ҳисобида Ливиядан устун келди. “Б” гуруҳида эса Афғонистон – Эрон 2:2, Марокаш – Тожикистон 7:1 ҳисобидаги натижалар қайд этилди.

Энди 8 ноябрь куни Ўзбекистон – Ливия, Озарбайжон – Саудия Арабистони, Афғонистон – Марокаш, Эрон – Тожикистон терма жамоалари 3-тур учрашувларини ўтказади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА