Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида ўтказилаётган VI Ислом бирдамлиги ўйинларининг бугунги дастурида вакилларимиз 3 та спорт тури бўйича баҳслашади.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, гандбол бўйича қизлар терма жамоамиз бугун Озарбайжон терма жамоасига қарши ўйин ўтказса, дуатлон бўйича ўтадиган финал баҳсларида Александр Куришов ўз омадини синовдан ўтказади. Шунингдек, 15 ноябрь кунидан старт олган таэквондо WT мусобақасида Жаҳонгир Худойбердиев (54 кг.), Мадина Мирабзалова (57 кг.), Нажмиддин Қосимхўжаев (74 кг.) ва Мадина Шониёзова (46 кг.) ўз вазн тоифасидаги беллашувларда медаллар учун даянга чиқади.

Куни кеча VI Ислом бирдамлиги ўйинлари мусобақаларида делегациямиз аъзолари 1 та кумуш ва 2 та бронза медалига сазовор бўлди. Жумладан, Алина Ҳақимова дуатлон бўйича аёллар ўртасида кумуш, муайтай бўйича эса Азиза Маъмурова (-55 кг) ва Севара Дилмуродова (-65 кг) бронза медалига эга чиқди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон делегацияси медаль жамғаришда 15 та олтин, 18 кумуш ва 16 та бронза билан умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринда бормоқда. Туркия 58 та олтин, 27 та кумуш ва 18 та бронза медали билан карвонбошилик қилаётган бўлса, қозоғистонлик спортчилар 11 та олтин, 12 та кумуш, 13 та бронза медалига эга чиқиб, учинчи ўринда қайд этилди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА