“ROX Group” компанияси раисининг ўринбосари Tran Thi My Loc хоним бошчилигидаги делегация вакиллари Бухоро шаҳрида бўлди. Бухоро шаҳри ҳамда Вьетнам Республикасининг йирик инвестицион компанияси “ROX Group” ўртасида умумий қиймати 2 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган инвестицион шартнома тузилди.
Бухоро шаҳар ҳокими Қурбон Турсунов ҳамда “ROX Group” компаниясининг Ўзбекистондаги бош вакили Азиз Бурханов томонида тарихий шартнома имзоланди. Ушбу келишув доирасида Бухоро шаҳрида янги шаҳарсозлик стандартлари асосида барпо этиладиган иккита йирик лойиҳага расман старт берилди. Мазкур инвестицион келишув доирасида “New Bukhara City” вa “New Central Bukhara” лойиҳалари амалга оширилади.

Лойиҳалар ўзининг ноёб концепцияси, замонавий архитектура ечимлари ва комплекс ёндашуви билан шаҳар қиёфасини тубдан янгилашга хизмат қилади ҳамда Бухоронинг инвестицион ва туризм салоҳиятини янада оширади. Лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида кўплаб имкониятлар яратилиб, маҳаллий аҳоли учун минглаб янги иш ўринлари яратилади.

Лойиҳалар доирасида муҳандислик-коммуникация тармоқлари, йўл-транспорт инфратузилмаси, ободонлаштириш ишлари ва ижтимоий соҳа объектлари замонавий талаблар асосида ривожлантирилади. New Bukhara City” вa “New Central Bukhara” лойиҳалари доирасида турар жой, ижтимоий, маданий ва дам олиш объектлари барпо этилади.
Мазкур лойиҳалар хорижий сайёҳлар ҳамда қўшни вилоятлар аҳолиси ўртасида катта қизиқиш уйғотиб, туризм соҳасининг жадал ривожланишига, Бухоро шаҳрининг халқаро миқёсда танилиши ва нуфузи ошишига муносиб ҳисса қўшади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.