English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ривожланаётган мамлакатларда давлат бошқаруви самарадорлиги нималарга боғлиқ?
16:53 / 2023-08-09

Салоҳиятли кадрлар резервидаги Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани “Ёрқин ҳаёт” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Дилноза Умарова 10-23 июль кунлари Хитой Халқ Республикасида “Ривожланаётган мамлакатларда давлат бошқаруви самарадорлиги” лойиҳаси доирасида ўтказилган халқаро семинарда иштирок этиб қайтди.

– Биз таҳсил олган Хитой Миллий бошқарув академияси бутун мамлакат бўйлаб давлат хизматчиларига менежмент, сиёсат ва иқтисодий назарияни тадқиқ қилишни ўргатувчи марказ ҳисобланади, – дейди Д.Умарова. – 2000 йилдан бошлаб то ҳозирги кунгача мазкур академияда 160 дан ортиқ тренинг курслари ўтказилган.    

Биз қатнашган халқаро семинарда ҳам Ўзбекистон Республикасидан ташқари 15 мамлакатдан, жумладан, Озарбайжон ва Покистон, Шри-Ланка, Куба, Багама ороллари, Доминикан, Бразилия, Венесуэла, Суринам, Кирибати, Зимбабве, Нигериядан 40 нафар давлат хизматчиси иштирок этди.  

– Ривожланаётган мамлакатларда давлат бошқаруви самарадорлиги нималарга боғлиқ?  

– Семинарда давлат бошқарувига оид кўплаб масалалар, жумладан, Хитой иқтисодиёти ва сиёсати, тараққиёт йўли ва модели, давлат ҳокимияти модернизацияси, 40 йиллик маъмурий ва иқтисодий ислоҳотлар тажрибаси, рақамли иқтисодиёт, самарали ва қулай бошқарув тизими каби турли мавзуларда машғулотлар ўтказилди.  

Бу мавзуларнинг негизида Халққа йўналтирилган самарадор ва натижадор давлат хизмати, етакчилик, иқтисодиётнинг муҳим секторлари учун зарур кўникмаларни шакллантиришга доир масалалар ёритилди. Семинар давомида маърузалар ўқилди, ўзаро тажриба алмашилди ва баҳс-мунозаралар, савол-жавоблар бўлди.  

– Ҳар бир давлатнинг ўзига хос табиати, иқлими, тарихи, маданияти, қадриятлари бўлади. Хитой ҳам тарихий ва меъморий обидаларга, муқаддас қадамжоларга бой мамлакат. Саёҳатингиз давомида олган таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.  

–Ташриф давомида Хитойнинг турли хил тарихий обидаларида бўлдик. Хитойнинг Пекин шаҳар марказида  Тяньаньмэнь (“Самовий тинчлик дарвозаси“) майдонида “Халқ қаҳрамонлари” ёдгорлиги, Халқлар зали, музей ва Мао Цзэдун мақбараси жойлашган. Бу майдон катта маданий аҳамиятга эга. Чунки у Хитой тарихидаги бир қанча муҳим воқеалар содир бўлган жойдир.  

Шунингдек, Буюк Хитой девори – қадимий архитектуранинг энг машҳур ёдгорлигига бордик. Айтишларича, Хитой деворининг узунлиги 8 минг километр бўлиб, бу иншоотни қуришда юз минглаб ишчилар ўн йиллар давомида меҳнат қилган экан. Хитойликлар деворларини шарқдан ғарбга чўзилган улкан аждарга таққослашни хуш кўради, деворнинг энг шарқий нуқтаси “аждарҳо боши” деб аталади.    

7 мингдан ортиқ экспонатларга эга бўлган Хитой-Корея миллий музейи, Ҳеритаге музейи ва бошқа кўплаб музейларга ташриф буюриб, у ерда этник халқларнинг қадимий яшаш жойлари ва турмуш тарзи билан танишдик. 

Шунингдек, Хитой давлатининг энг йирик саноат шаҳарларидан бири, ҳозирда 118 минг 648 нафар ишчи ходимга эга бўлган Чанчунь шаҳрида 1953 йилда ташкил этилган “FAW group” давлат миллий автомобиль заводи директори Чжоу Жип томонидан ташкил этилган семинарда иштирок этдик. Семинарда компания фаолиятига доир тақдимотлар қилинди. Семинар якунида сертификатга эга бўлдик.    

Хитойдан бир олам таассуротлар, янги билим ва тажриба билан қайтдим. Олган ушбу билимларим, ўрганганларимни келгуси фаолиятим давомида қўллашдан жуда ҳам мамнунман.    

М.Қосимова суҳбатлашди. ЎзА