Ҳар бир касбнинг ўз сир-синоати бор.
Тандирчилик ҳам шундай. Фарғона вилояти Риштон туманидаги “Оқ ер” маҳалла фуқаролар йиғинида тандирчилик мактаби яратилган.
Салоҳиддин Жўраевни туманда кўпчилик танийди. Устанинг хонадонига борганимизда манглайига дурра боғлаганча қизғин меҳнат билан банд эди. Ҳовли саҳнига териб қўйилган турли ҳажм ва кўринишдаги тандирлар ўзига хос санъат асаридек таассурот қолдиради кишида.

– Отам раҳматли Ҳакимжон Жўраев тандирчи бўлган. Биз ҳам ёш авлодга ҳунар сирларини ўргатиб келмоқдамиз, – дейди Салоҳиддин ака. – Риштоннинг соз тупроғи кулолчилик билан бирга тандирчиликнинг ҳам ривожланишига сабаб бўлган. Бир қанча шогирдларимиз бор, кўпчилиги уста бўлиб етишган.
Тандир тайёрлаш жараёни жуда қизиқ. Махсус тупроқ олиб келингач, идишларда бир муддат ивитилади. Бунгача шоли похоли янчилиб, 2-3 сантиметр узунликда қирқиб тайёрланади ва лойга аралаштирилади. Маромига етиб ивиган лойга титилган юнг қўшилади ва қопларга жойланади. Бунда бир қатлам лой, бир қатлам юнг солинади. Сўнг қопдаги лой “пишгунича” оёқда тепилади. Илашимли ҳолатга келгач, зувала қилиб ёйилади. Тандирнинг ўлчамига қараб 40-50 сантиметр кенгликда, 2-3 сантиметр қалинликда, тандирнинг бир айланасига етадиган бўлакни ерга ёйиб, қаттиқлашгунча кутилади. Шу билан дастлабки – пастки қисм тайёр: уни тиккалаб, узук шаклига келтириш мумкин.
Устки қисм ҳам шу тарзда тайёрланади, фақат унинг шакли ёйсимон: тандир “оғзи” овалсимон бўлади. Тандирнинг “лаби”га алоҳида ишлов берилади. Сўнг пардозлаб, офтоб нури тик тушмайдиган соя жойда қуритилади.
Тандирчи Орифжон Мавлоновнинг хонадонида ҳам ўнлаб маҳсулот сотиш учун тайёр.
– Бу ҳунарнинг афзаллиги шундаки, хом-ашё арзон. Фақат астойдил меҳнат қилинса, бўлди. Тандирчиликнинг орқасидан уй-жой қилдик, машина олдик, тўйлар қилдик, – дейди у. – Ўғлим ҳам уста бўлиб қолди. Ёшларга бажонидил ўргатишга тайёрмиз.
Маҳаллада Жалолиддин, Фароҳиддин, Абдурасул Жўраевлар, Музаффар, Алиакбар, Муҳаммаджон Ёдгоров каби уста-тандирчилар ҳунар сирларини ёшларга ўргатиб, анъаналарни давом эттириб келишмоқда.
– Бу фариштали, илоҳий ҳунар, – дейди улар. – Пок ният ва софдиллик билан ишга киришилса, 4-5 кунда битта тандир тайёр бўлади. Об-ҳаво, ҳарорат ҳам муҳим. Қиш кунларида бу муддат анча узаяди.
Тандирчилик бошдан-оёқ қўл меҳнатини, чидам ва сабрни талаб қилади. Барча ишлар ўз вақтида ва маромида қилинсагина, пишиқ, сифатли тандир бунёд бўлади. Бугунги кунда уй бекалари учун тайёрланган тандирлар 65-70 минг сўм, новвой тандирлари эса 500-600 минг сўмдан сотилмоқда. Усталарнинг айтишича, сомсапазлар учун тайёрлаган тандирлари Россиягача олиб кетилади. Водий вилоятларидан, шаҳару туманлардан келган харидорлар “Оқ ер”лик тандирчиларни яхши танишади.
– Маҳалламиз ҳунармандлари билан фахрланамиз. “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” улар учун бегона. Хорижга иш излаб боришмайди, – дейди “Оқ ер” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Иқболжон Турсунов. – Бунинг асосий сабаби меҳнатсеварлик, азалий анъаналаримизга содиқлик деб ўйлайман. Келгусида туризм йўналиши бўйича иш олиб бормоқчимиз. Ахир, хорижликлар севиб истеъмол қиладиган бўрсилдоқ нонларимиз пишадиган тандирларнинг тайёрланиш жараёни улар учун жуда қизиқ.
М. Сулаймонов, ЎзА