Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Риштонлик ёш кулоллар
15:43 / 2024-05-02

Фарғона ҳақида сўз борганда, албатта, ҳунармандчилиги ҳам фахр билан тилга олинади. Қарийб саккиз юз йиллик тарихга эга Риштон кулолчилиги эса халқимизнинг дурдоналаридан саналади.

Ҳаммасидан ҳам эътиборлиси, бугунги кунда ёшлар томонидан бу ҳунар сирларини ўрганишга иштиёқ кучаяётгани, унинг янги ғоялар ва услублар билан бойитиб борилаётганидир. Бугун риштонлик ёшлар жаҳоннинг кўплаб давлатларида ўз маҳсулотларини намойиш этиб, уларни ҳайратга солмоқда.  

Айни пайтда туманда юздан ортиқ уста-кулол фаолият олиб бораётган бўлса, табиийки, уларнинг ҳар бири қўлида камида 5-6 та шогирд тарбияланяпти. Соз лойга ишлов беришдан тортиб, идиш ёки буюм ясаш, ранг ва сир бериш, гул солиш, пишириш, тайёр маҳсулотни сотишгача жараённинг ҳар бир бўғинида тарбия топган ёшлар ўз ишининг устасига айланиб бормоқда.  

Биргина “Мингбоши керамик” оилавий корхонасида ўнлаб ёшлар турли йўналишларда ўз маҳоратини намоён қилмоқда. Абдуваҳоб Солижонов, Наргиза Умарова, Нилуфар Ғуломова, Адҳамжон Норинбоев, Исмоилжон Ғуломов, Таваккал Усмоналиев каби ёшлар уста наққош даражасига етиб келишган. Уларнинг сопол идиш ва буюмларга гул солиш, нақш чизишдаги маҳоратларини кўриб, тасаннолар айтгинг келади.  

– Ёшим ўн олтида. Устозлардан идишларга нақш солишни ўрганяпман. Бунинг учун сабр ва чидам, иқтидор керак. Ажабланарлиси, буюмларга чизилган нақш ва гулларнинг ҳеч бири бир-бирига ўхшамайди, бир-бирини такрорламайди, – дейди Анваржон Азимов.  

Устахонада берилиб ишлаётган ёш наққош ва кулоллар меҳнати самараси сифатида териб қўйилган турфа ранг ва шаклдаги сопол буюмлар мўъжизанинг ўзи. Ахир, бир муддат аввал қўлга олинган оддий лой вақт ўтиб кўзни қувонтирувчи санъат асарига айланишини нима деб аташ мумкин?! Инсониятнинг аввали-ю охири рамзи ҳисобланган тупроқ ва лой, дунёнинг ўткинчилиги-ю ўзгарувчанлигига ишора қилувчи чарх, меҳр билан ишлов берилгач, чертганда ажабтовур жаранг берувчи идишлар кишини ўзига ром этади.  

“Nilufar keramiks” оилавий корхонаси раҳбари Шоирахон Қодирова билан суҳбатимиз ҳам кулолчилик анъаналарининг бардавомлиги, ёшларнинг бу ҳунарга қизиқиши хусусида бўлди.

– Оилавий корхона ташкил қилганимизга ўн уч йил бўлди. Бугунга келиб, 20 дан зиёд хотин-қизни иш билан таъминлаяпмиз. Асосан, ишсиз аёлларни уйда ўтириб меҳнат қилишга ўргатганмиз, касаначилик асосида иш олиб борамиз. Устахонамизга келиб ишловчилар ҳам бор, – дейди у. – Оиламиздаги барча ака-укалар уста кулол саналади. Ҳар бирининг ўз йўналиши, маҳсулотларига харидорлари бор.  

Корхонада совға учун сувенир буюмлар ишлаб чиқарилади, миниатюра ва натюрморт жанрига оид безак-шакллар берилади. Зеро, кулолчилик фақат чойнак-пиёла, коса-товоқдангина иборат эмас. Одамларнинг диди, талабига монанд равишда сопол буюмларнинг турлари ҳам ортиб бормоқда. Мисол учун, тарихий шахслар, эртак қаҳрамонлари, чол ва кампир, келин-куёв, жониворлар, мевалар тасвири туширилган буюмлар айни пайтда харидоргир саналади. Қўшни мамлакатларга, Россия, Хитой, Туркия, Греция каби хориж давлатларига экспорт қилинаётгани ҳам бундан далолат беради.  

Шоҳсанамхон Ёқубованинг мазкур корхонада иш бошлаганига кўп бўлмади. Лекин қўли қўлига тегмай ишлаётгани, чаққон ҳаракатлари, ҳар бир деталга ишонч билан ишлов беришига қараб, иштиёқ ва ҳаракат мақсадларнинг амалга ошиши гарови эканига амин бўлади киши. “Ёшим 24 да. Кулолчилик туманимизнинг юзи эканидан фахрланаман. Маҳалламиз аёллари билан шу корхонада ишлаяпмиз, ҳунар сир-асрорларини ўрганяпмиз. Янги-янги гул ва нақшлар, такрорланмас безак ва шакллар зерикишга қўймайди. Ҳар бир буюмни қўлга олиб, чексиз хаёлларга берилиш мумкин”, дейди у.  

Эътиборлиси, соҳага замонавий технологиялар татбиқ этилмоқда, буюмлар дизайни ва шакллар хилма-хиллигига эътибор қаратилмоқда.  

Муҳаммадризо Набижонов ана шундай ёшлардан бири. Саккизинчи синф ўқувчиси бўлган Муҳаммадризо IT соҳасини қунт билан ўрганяпти. Ўзи кулоллар фарзанди бўлгани учунми, икки соҳани уйғунлаштириб, компьютер ёрдамида буюмлар шакли, уларга солинадиган нақш-гуллар, тасвирларнинг янги ва ўзгача турларини кашф қилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Риштон кулолчилиги кун сайин ривожланиб, уста кулоллар сафи ёшлар билан кенгайиб бораётгани қувонарлидир.  

М.Сулаймонов, ЎзА мухбири