8 март – Халқаро хотин-қизлар куни
Мамлакатимизда фаоллиги, ташаббускорлиги, фидойилиги, эзгу ишлари билан ибрат ва намуна бўлаётган хотин-қизларимиз кўплаб топилади. Фарғона вилояти Риштон туманилик Марҳабо Полвонова тадбиркорликни яхши тушунади, ташаббускор аёллардан бири. Узоқ йиллардан буён шу соҳа «қозонида қайнаб», ишбилармонликнинг машаққатию қувончли дамларини бошидан ўтказмоқда.
Ҳунармандлар оиласида камолга етган Марҳабо кулоллар сулоласиниг учинчи авлоди. Айтишларича, бобоси Сангин кулол яратган мактаб замоналар силсиласида тараққий этиб келмоқда. Кулолчилик эркакларга хос касб дегувчилар адашади. Сабаби, бу касб-ҳунар билан шуғулланган ҳар қандай оилада каттаю кичикнинг ўзига яраша вазифаси бўлади. Болалигидан оддий тупроқдан мўъжиза яратиш, меҳнат ва сабр қила билиш амаллари билан улғайди.
Умумтаълим мактабини тамомлаб, турли соҳаларда ишласада бобомерос ҳунарга бўлган иштиёқ тинчлик бермади.2016 йили «Зар кулол Риштон» оилавий корхонасига асос солди. «Мискин» маҳалла фуқаролар йиғинида бир неча йил фаолият кўрсатмай қолган кулолчилик цехини сотиб олди. Ишни тармоқ фаолияти учун муҳим бўлган табиий газ тармоғи олиб келишдан бошлади. Шу мақсадда 7 километр жойдан газ қувури тортиб келинди. Бу кулолчилик цехини «оёққа» тургазди. Маҳалладаги 14 нафар уста кулол ишлаб чиқаришга жалб этилди, маҳсулот турлари кўпайди, сифати яхшиланди. Орадан бир йил ўтиб, корхона маҳсулотлари нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам харидорларини топди. Қўшни Қирғизистонга 40 минг АҚШ долларлик маҳсулот сотилди. Ҳозир корхонада 30 дан зиёд бадиий кулолчилик буюмлари ишлаб чиқарилмоқда.
– Иш бошлаган вақтларимда қийин даврлар бўлди, – дейди Марҳабо опа суҳбат давомида.
– Лекин ортга чекинмадик, маҳсулот турларини кўпайтириш сифатини яхшилаш, тан нархини арзонлатиш йўлида изланишлар олиб бордик. Хусусан, кам газ сарф қиладиган, муқобил энергияларда ишловчи печлардан фойдаланишга эътибор қаратдик. Тошкент, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах, Бухоро вилоятларига маҳсулот етказиб беришни йўлга қўйдик.
Ишбилармон аёл тармоқ фаолиятини ривожлантириш, хизмат турларини кўпайтиришга эътибор қаратмоқда. Корхона ҳудудидаги бўш турган ерда давлат-хусусий шерикчилик асосида юз ўринли «Гулғунча» болалар мактабгача таълим муассасаси фаолиятини ташкил этди. Эътиборли жиҳати бу ерда «Марказ», «Мискин» маҳалла фуқаролар йиғинларида «Темир дафтарга» киритилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 30 нафар фарзандлари бепул тарбия олмоқда.
[gallery-1420]
Марҳабо опа бу йил тикувчилик йўналишида ҳам ўз имкониятларини синаб кўришга қарор қилди. Шу мақсадда ишлаб чиқариш учун жой ҳозирлади. Вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси 9 та тикув машина ҳадя қилди. Бу ерда 20 нафар хотин-қиз «Уста-шогирд» анъаналари асосида ҳунар ўрганмоқда.
У нафақат тадбиркор, шу билан бирга «Мискин» маҳалла фуқаролар йиғини раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатади. Икки минг нафардан ортиқ аҳоли яшаётган маҳаллада бандликни таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга «маҳаллабай», «хонадонбай» асосида моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Шу кунга қадар «Темир дафтарга» киритилган 32 нафар фуқаро аксарияти иш билан таъминланди, иссиқхона қуриб берилди, банк сармоялари ажратилди.
Тадбиркор аёлнинг иш фаолиятида режалар кўп. Шу кунларда «Мискин» маҳалла фуқаролар йиғини эски биноси ўрнида замонавий маҳалла гузари ташкил этиш ишлари бошланди. Бу ерда сартарошхона, гўзаллик салони, этикдўзлик, тўйхона каби хизмат кўрсатиш тармоқлари бунёд этилади.
Бу йилги 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни ҳаётида унутилмас воқеа сифатида муҳрланадиган бўлди. Президентимизнинг фармонига кўра, Марҳабо Полвонова «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди.
М. Сулаймонов,
М. Қодиров(сурат)
ЎзА