Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Риштон туманида 4 та кулолчилик маркази қурилади
13:02 / 2021-06-02

Фарғона вилоятида миллий ҳунармандчиликнинг ўзига хос брендлари бор.Марғилоннинг ипак матолари, Риштоннинг кулолчилиги, Қўқоннинг ёғоч ўймакорлиги азалдан жаҳон аҳлини мафтун этиб келмоқда.

Айни кунларда бу боқий анъаналар янги мезонлар асосида ривожланмоқда. Ўтган даврда Марғилон шаҳрида ҳунармандлар маркази, Риштон туманида халқаро кулолчилик маркази қурилиб фойдаланишга топширилди. Ҳозирда 13 та туманларда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 53 миллиард сўмлик ҳунармандлар марказлари бунёд этилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4-5 февраль куни вилоятга ташрифи чоғида берган кўрсатма ва топшириқлари ҳамда 2021 йил 23 мартдаги “Кулолчиликни жадал ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Риштон туманида 2021-2022 йилларда тўртта янги кулолчилик маркази қурилиши режалаштирилган. Бу эса кулолларнинг меҳнатини рағбатлантириш, қулай шароитлар яратиш ва ҳунармандчиликни халқаро миқёсда тарғиб этишда муҳим ўрин тутади.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Риштон туманида бўлиб, “Қалайнав" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этишга киришилган кулолчилик маркази биносига биринчи ғишт қўйиш маросимида иштирок этди.

0,80 гектар майдонда қад ростлаётган уч қаватли марказнинг лойиҳа қиймати 22,4 миллиард сўмни ташкил қилади. 16 та ҳунармандлар хонадонини ўз ичига оладиган марказ лойиҳаси учун “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ томонидан имтиёзли кредит ажратилган.

“Оқер” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 0,50 гектар майдонда ҳам кулолчилик маркази қад ростлайди. Вилоят раҳбари мазкур иншоот қурилишининг бошланишига бағишланган тадбирда қатнашиб, бу каби саъй-ҳаракатлар ҳунармандчиликни ривожлантиришда муҳим қадам эканлигини таъкидлади. Икки марказ ҳам жорий йил фойдаланишга топширилади.

 

М. Сулаймонов, ЎзА