Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Риштон тўқимачилик марказларидан бирига айланмоқда (+видео)
10:27 / 2023-08-09

Президент қарори амалда

Риштон деганда кўзни қамаштирувчи камалакранг кулолчилик буюмларини эслайсиз. Дарҳақиқат, Риштон дунё кулолчилик санъати марказларидан бири. 

Лекин Риштон бошқа соҳаларда ҳам ном қозонмоқда. Бугун бу ерда йирик саноат корхоналари ишлаб турибди. Кун сайин янгилари қаторга қўшиляпти. Бунда бир жиҳатдан Президентнинг кластер тизимига асос солгани муҳим аҳамият касб этди.

2018 йил. Мамалакатда пахтачилик кластерига эндигина қадам қўйилаётган пайт. Ана ўшанда Фарғона вилояти Риштон туманида “Русўзбектекс” пахтачилик кластерига асос солинди. Ўшанда хосилдорлик жуда кам – 25 центнер эди. Ўтган тўрт йил кластернинг афзаллигини кўрсатди. 2022 йилда ўртача хосилдорлик 36 центнердан ошди. Шу кластернинг ўзи 21 минг тоннадан ортиқ пахта ҳом-ашёсини етиштирди ва ундан 7 минг тонна тола ишлаб чиқарди. Унинг тенг ярми кластерга тегишли корхонада қайта ишланди.

Ҳозиргача “Русўзбектекс” кластери корхонасида йилига 3 минг 600 тонна пахта толасидан эшими нозик юқори сифатли ип йигириляпти. Унга юртимизда ҳам, чет элда ҳам харидор бисёр. Риштонда йигирилган иплар нейро кўрсаткичи, яъни қуввати юқори экани билан ажралиб туради. Шунинг учун Европа мамлакатларига сочиқ тўқиб экспорт қилувчи корхоналар айнан Риштон ипини сотиб олмоқда.

Кластер раҳбарияти Президентнинг пахта толасидан фақат тайёр махсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги фармон ва қарорларини мамнуният билан кутиб олди. Туман ҳудудидаги қишлоқ хўжалигига яроқсиз 3,5 гектар ер майдонини аукцион савдоларида сотиб олиб бу ерда янги ишлаб чиқариш корхонаси қурдилар. Лойиҳа қиймати 30 млн. евро бўлиб, унинг 22 миллиони банк кредити, қолган 8 млн. евро муассиснинг инвестицияси эди. Шу кунларда қурилиш ишлари бирин кетин якунланиб, цехлар фаолиятини бошламоқда.

– Бир кунда 10 тонна тайёр маҳсулот – сочиқ ишлаб чиқарилади, – дейди “Русўзбектекс” корхонаси директори Дилшод Ҳамдамов. – Ҳозирги кунда бўёқ цехи дастгоҳларини йиғиш бошланган. Ундан сўнг тикув цехи ишга солинади. Дастгохлар тўлиқ етиб келган. Монтаж ишлари давом этяпти. Сентябрь ойида учта цех ишга тушади.

“Европа технологияси – Европа меъёрларидаги маҳсулот”. Бу “Русўзбектекс” кластерининг бош шиори. Шунинг учун ҳам тўқув, бўёқ, тикув цехларига фақат Европанинг энг илғор технолигияси жорий этилмоқда. Италия, Франция, Германия дастгоҳлари ўрнатиляпти, корхонага. Тўқув цехида эса экспорт буюртмаларини адо этишга киришдилар.

– Қишлоқлардаги уйда ўтирган аёлларни ишга олдик. Икки ойда тўқувчиликни ўрганиб олишди, – дейди уста Мадина Жўраева. – Ҳар бирига тўқув станоги бердик. Моҳирлик билан бошқаришяпти. Энди уларга ҳам шогирдлар бириктирганмиз.

Тўғри, Ўзбекистонда сочиқ ишлаб чиқариш корхоналари илгари ҳам ишга туширилган. Аммо Риштонда энг нафис ва энг майин маҳсулот тўқиляпти. Сабаби – юқорида айтганимиздек, йигирувдан чиққан ипнинг нозиклигида.

Айни кунларда бўёқ ва тикув цехларида ускуналарни созлаш ишлари авжида. Мақсад корхона тўлиқ тизимини шу йил сентябрда ишга туширишдир.

– Ҳозирги кунда тўқув цехида 500 нафар ишчи ўрни яратилган. Бўёқ ва тикув цехини ишга туширганимиздан сўнг яна 600 нафар ишчи оламиз ва уларнинг сони 1100 нафарга етади, – дейди Дилшод Ҳамдамов. – Маҳсулотлар тўлиқ экспортга йўналтирилган. Ўзимиз етиштирган пахтани йигириб, тўқиб, бўяб тайёр маҳсулот холатида юз фоиз эскпорт қиламиз.

Лойиҳанинг иккинчи босқичида яна бир ип йигирув корхонаси қурилади. Шунда  кластер етиштирган пахтадан олинган 7 минг тонна толанинг барчаси унинг ўзида ип қилиб йигирилади ва провардида тўқув, бўёқ цехларидан ўтиб тайёр маҳсулот холатида экспорт қилинади.

<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/JM36ZKJm6xU" title="Риштон тўқимачилик марказларидан бирига айланмоқда" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов

Тасвирчи: Элёр Олимов.