Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Риштон кулолчилик маҳсулотлари дунё бозорини забт этмоқда
11:54 / 2022-02-16

Фарғона вилоятининг Риштон тумани кулолчилиги бир неча асрлик тарихга эга бўлиб, бугунги кунда ҳам бу кўҳна халқ амалий санъати етти иқлимда машҳур.

Уста-кулоллар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ўзининг дизайни, табиий ранги ва қалампир нусхали нақшларга бойлиги билан ажралиб туради. Айни кунларда бу анъаналар янги босқичда давом эттирилмоқда.  

Кулолчилик ҳадисини пухта эгаллаган Шокиржон Аҳмаджонов кулолчилик кластерини ташкил этди. Қиймати 5 миллиард сўм бўлган ушбу лойиҳа ишга туширилгач, 30 та доимий иш ўрни яратилди. Шунингдек, ҳудуддаги 3 минг нафар аҳоли касаначилик асосида ишга жалб этилди. 

–2022 йилдан маҳсулотларимизни Россияга экспорт қилиш учун 5 миллион долларлик шартнома имзоланди, – дейди Ш. Аҳмаджонов. – Айни пайтда кластернинг ҳар бир аъзоси меҳнатига қараб, ойига ўртача 2-4 миллион сўмгача даромадга эга бўлмоқда. 
Риштонлик яна бир уста-кулол Алишер Робилов яшаш хонадонида ташкил этган устахонасида 12 нафар шогирди бирга кулолчилик маҳсулотларини тайёрлаб Россияга экспорт қилмоқда. 

Ҳозирда туман кулоллари томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар асосан Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, Россия каби турли хорижий давлатларга экспорт қилинади. Яқин истиқболда экспорт географиясини янада кенгайтириш мақсадида дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари тадбиркорлари билан музокаралар олиб борилмоқда. 

Тадбиркор Исломжон Орифжонов “Чинор плюс 2020” туристик мажмуаси ҳамда кулолчилик марказини барпо этмоқда. Риштон тумани “Оқер” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган мажмуанинг лойиҳа қиймати 37 миллиард сўмни ташкил этиб, шундан 12 миллиард сўм тадбиркорнинг ўз маблағи ҳисобига тўғри келади. Жорий йил июль ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилаётган туристик мажмуада меҳмонхона, сауна, ёзги ва қишки бассейн ва бошқа хизмат кўрсатиш шахобчалари жойлашган бўлиб, Риштон туристик салоҳиятининг янада ривожланишига ўз ҳиссасини қўшади. Ушбу мажмуага ёндош ҳудудда барпо этилаётган Кулолчилик марказида ҳам қурилиш ишлари якунига етказилмоқда. 

“Қалайнав" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида эса Ҳунармандлар маркази қуриляпти. 0,8 гектар майдонда қад ростлаётган 2 қаватли Ҳунармандлар марказининг лойиҳа қиймати 22,4 миллиард сўмни ташкил қилади. 16 та ҳунармандлар хонадонини ўз ичига оладиган марказ лойиҳаси учун “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ томонидан имтиёзли кредит ажратилган. 

Президентимизнинг 2021 йил 23 мартдаги “Кулолчиликни жадал ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида барпо этилаётган ушбу мажмуа Риштон туманида 2021-2022 йилларда қуриб битказиладиган тўртта янги Ҳунармандлар марказининг бири бўлади. 


М. Сулаймонов, ЎзА