Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Риштон кулолчилиги дунёни ҳайратга солмоқда
09:54 / 2019-09-09

Қўқон шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро ҳунармандчилик фестивалида Риштон кулолчилик мактабининг вакиллари ҳам ўз маҳсулотларини намойиш этади.


Қўқон шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро ҳунармандчилик фестивалида Риштон кулолчилик мактабининг вакиллари ҳам ўз маҳсулотларини намойиш этади.

Фарғонага келган хорижлик сайёҳ ёки меҳмон албатта Риштон туманига ташриф буюради. Чунки бу ернинг уста ҳунармандлари томонидан тайёрланаётган кулолчилик маҳсулотлари ҳар қандай кишини мафтун этади.

Риштон – Буюк Ипак йўлида ташкил топган, Фарғона водийсининг энг қадимий шаҳарларидан бири. Қадим замонлардан Марказий Осиёдаги энг йирик ажойиб сирланган сопол буюмлар маркази ҳисобланади. Шаҳар номи жойлашув жойига кўра, кулол тупроғи қизил гил – қизил рангга эга бўлиб, қадимий сўғд “Раш” (“Руш”, “Руши”) – “қизил ер” сўзидан пайдо бўлган.

photo5454085343654554522.jpg

Ўрта асрларда бир томондан Хитой ва Ҳиндистон, бошқа томондан Эрон ва Яқин Шарқ карвон йўллари чорраҳасида жойлашган Риштон тез суръатларда ривожланиб, Буюк Ипак йўлидаги асосий тўхташ жойи ҳамда савдо-сотиқнинг асосий марказига айланган. Кейинчалик бу ерда жоме масжиди қурилган. Шаҳарда кулолчилик: Дахбед, Чиннигарон, Кўзагарон, Кулолон маҳаллалари жойлашган.

XIV асрда кўплаб кулоллар Амир Темур ва авлодларининг буюк қурилиш лойиҳаларида иштирок этиш учун Самарқанд шаҳрига кўчиб келишларига тўғри келган. Бироқ, Темурийлар сулоласининг таназзулга учраши билан, Риштон ҳам инқирозга учради.

XVIII асрдан бошлаб Риштон (Рушдон, Рошидон) шаҳри аста-секин қайта тикланган ва XIX аср ўрталарида ҳудуддаги сирланган идишларни ишлаб чиқариш бўйича йирик марказ номини қайтадан қайтариб олган.

photo5454085343654554523.jpg

Риштонда ўрта асрларда йўқолиб кетган ганч – чинни ишлаб чиқариш техникасини XVIII асрда қайта тиклаган ака-ука Абду Жалол (“Уста Абдужалол”, “Уста Жалил”) ва Абдужамил (“Уста Абдужамил”, “Уста Кури”) ўз ишларининг буюк усталари ҳисобланган. Кулоллар чинни ишлаб чиқариш усулини Кашғар ва Эрон давлатларидан олиб келган. Уларнинг шогирди Калли Абдулло (“Кал Абдулло”) лақаби остидаги – чинни мутахассиси Абдулла Кулол (1797-1872) оқибатда Риштоннинг барча кулоллари учун Уста-оқсоқол бўлиб етишган.

XIX аср бошларида Риштоннинг кулол маҳсулотлари нафақат Фарғона водийсида балки бутун Марказий Осиё бўйича юқори талабга эга бўлган. Шаҳар 300 тадан ортиқ киши ишлайдиган 100 га яқин кулол устахоналарини ўз ичига олган. Ушбу даврда Қўқон хонлиги ва Шарқий Туркистон ҳунармандлари билан узвий алоқалар ўрнатилган.

XIX асрнинг 70-йилларида уста Абдулла-Калли бошчилигида Риштон ҳунармандлари билан биргаликда Қўқонда Саид Муҳаммад Худоёрхоннинг саройи – Ўрдани безаги билан шуғулланган. Уларнинг санъати Қўқон хонлиги ҳукмдори томонидан юқори баҳоланган. Худоёрхон фармойиши билан саройнинг жанубий қаноти томонида “куфи” ёзуви туширилган.

photo5454144030087686846.jpg

Тахминан худди шу даврнинг ўзида Худоёрхон Рушдонда “Боғи Хон” номи билан машҳур бўлган ўзининг қароргоҳини қурган бўлиб, у тез-тез шу ерда тўхтаб, шаҳарнинг барча кулоллари учун базм уюштирар эди.

Риштон буюмлари, миниатюралари жаҳондаги санъат шайдолари орасида ҳам катта шуҳрат қозонган. Ҳеч бир ҳудуднинг кулолчилик намуналарига ўхшамайдиган бу санъат асарлари АҚШ, Буюк Британия, Франция, Польша, Швеция, Ироқ, Эрон, Миср каби мамлакатларда бўлиб ўтган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда намойиш қилиниши ва жаҳон оммаси эътирофига сазовор бўлиши Риштон кулолларининг истеъдодидан далолат беради.

Риштонлик кулоллар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ўзининг дизайни, табиий ранги ва қалампир нусхали нақшларга бойлиги билан ажралиб туради. Бухоро, Самарқанд, Хоразм каби шаҳарлардаги дўконларда савдога қўйилган Риштон кулолчилик буюмлари ва миниатюралари чет эллик сайёҳлар қизиқишини тортаётгани бу санъат намуналарига бўлган талабни кундан-кун оширмоқда. Риштондаги қайси бир кулолнинг устахонасида бўлманг, барчаси қўли-қўлига тегмай ишлаётганини кўрасиз.

Сўнгги йилларда Риштон кулолчилик мактаби янада ривожланди. Уста Иброҳимжон Комилов, Бобожон Нишонов, Ҳакимжон Сатторов, Рустамжон Усмонов, Алишер Назиров, Шарофиддин Юсупов, Тоҳиржон Ҳайдаров сингари машҳур кулоллар яратган маҳсулотлар барчани ҳайратга солиб келмоқда.

Риштонлик Рустам Усмонов биринчи авлод кулолларига мансуб. У риштонлик усталар ичида профессионал санъат таълимини олган ягона устадир. Р. Усмонов 1980 йилда Тошкент театр ва рассомчилик институтини (саноат графикаси бўлими) тамомлаган. Кейин Риштонга қайтиб, кулолчилик билан астойдил шуғуллана бошлаган, Риштоннинг энг яхши усталари Ҳакимжон Сатторов ва Иброҳим Комиловдан ҳунар сирларини ўрганган.

Уста наққош Рустам Усмонов нақш чизиш санъатини маҳорат билан эгаллаган, у сир беришнинг турли технологияларини жуда яхши билади. У қадимги усталар меросини, археологик экспедициялар материалларини тадқиқ этиб, йўқолиб кетган нақшларни қайта тиклаш билан шуғулланади. Унинг ижодида халқ анъаналари ва юқори даражадаги профессионализм уйғунлашиб кетган. Уста нозик дид эгаси – у ясаган буюмлар нафислиги ва мумтоз шаклдаги тугалланган композицияси билан ажралиб туради. Рустам Усмонов буюмлари дунёнинг кўплаб мамлакатларида намойиш этилган ва кўплаб музейларда сақланади.

Алишер Назиров ҳам машҳур кулоллардан бири. 12 ёшидан ушбу сермашаққат кулолчилик ҳунарини ўрганишни бошлаган, барча босқичларни босиб ўтган. Кўплаб яхши бошланмалар унинг номи билан боғлиқ. Риштон кулолчилик заводида бош рассом бўлиб ишлаган, Японияда малака ошириб, хорижий кўргазмаларда иштирок этган, “Ташаббус” танловида ҳунармандчилик йўналишида илк ғолиблардан бўлган.

Уста яратган лаган, шокоса, кўзача, хум, мевадон, қанддон каби сопол буюмлардаги услуб ва ранглар жозибасини кўриб, унинг ўз касбининг моҳир устаси эканига амин бўласиз.1998 йил Риштонда ёш кулол-усталар таёрлаш мактабини очди ва ҳозирги кунгача маҳоратли кулоллар тайёрлашда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Алишер Назиров ҳар доим иш устида – ҳеч қачон янги технологияларни ўрганишдан тўхтамасдан, доимо ўз устида ишлаб келади. Унинг асарлари Ўзбекистон, Россия, Япония, Франция, Буюк Британия, Германия ва кўплаб Европа, Осиё ва Америка музей коллекцияларини безаб турибди.