Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Риштон дунё кулолларини чорламоқда
14:01 / 2023-05-05

Шу йил 12-14 май кунлари Риштонда “Анъанавий туркий халқлар ҳунармандчилиги” форуми ва кулоллар сайли бўлиб ўтади. Унда Риштон кулолчилиги тарихи ва бугуни бош мавзу бўлади. Хўш ушбу форумга қандай тайёргарлик кўрилмоқда?

Субхон Солиев, Риштон тумани ҳокими:  

–Риштон – Буюк Ипак йўлида ташкил топган, Фарғона водийсининг энг қадимий шаҳарларидан бири. Қадим замонлардан Марказий Осиёдаги энг йирик ажойиб сирланган сопол буюмлар маркази ҳисобланади. Шаҳар номи жойлашув жойига кўра, кулол тупроғи қизил гил – қизил рангга эга бўлиб, қадимий сўғд “Раш” (“Руш”, “Руши”) – “қизил ер” сўзидан пайдо бўлган. Ўрта асрларда бир томондан Хитой ва Ҳиндистон, бошқа томондан Эрон ва Яқин Шарқ карвон йўллари чорраҳасида жойлашган Риштон тез суръатларда ривожланиб, Буюк Ипак йўлидаги асосий тўхташ жойи ҳамда савдо-сотиқнинг марказларидан бирига айланган. Шаҳарда кулолчилик билан шуғулланувчи Даҳбед, Чиннигарон, Кўзагарон, Кулолон маҳаллалари пайдо бўлган.

XIV асрда кўплаб кулоллар Амир Темур ва авлодларининг буюк қурилиш лойиҳаларида ҳам иштирок этган.  

Риштон буюмлари, миниатюралари жаҳондаги санъат шайдолари орасида ҳам катта шуҳрат қозонган. Ҳеч бир ҳудуднинг кулолчилик намуналарига ўхшамайдиган бу санъат асарлари АҚШ, Буюк Британия, Франция, Польша, Швеция, Ироқ, Эрон, Миср каби мамлакатларда бўлиб ўтган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда намойиш қилинган.  

Риштонлик кулоллар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ўзининг дизайни, табиий ранги ва қалампир нусхали нақшларга бойлиги билан ажралиб туради. Бухоро, Самарқанд, Хоразм каби шаҳарлардаги дўконларда савдога қўйилган Риштон кулолчилик буюмлари ва миниатюралари чет эллик сайёҳлар қизиқишини тортаётгани бу санъат намуналарига бўлган талабни кундан-кун оширмоқда. Риштондаги қайси бир кулолнинг устахонасида бўлманг, барчаси қўли-қўлига тегмай ишлаётганини кўрасиз.  

Сўнгги йилларда Риштон кулолчилик мактаби янада ривожланди. Уста Иброҳимжон Комилов, Бобожон Нишонов, Ҳакимжон Сатторов, Рустамжон Усмонов, Алишер Назиров, Шарофиддин Юсупов, Тоҳиржон Ҳайдаров, Равшан Тожиддинов, Шокир Аҳмаджонов, Саиджон Аҳмедов, Бунёд Юнусов сингари машҳур кулоллар яратган маҳсулотлар барчани ҳайратга солиб келмоқда.  

Бугунги кунда Риштон туманида 20 нафардан ортиқ катта усталар ҳамда уларнинг 7 мингга яқин шогирдлари фаолият юритмоқда. Уларнинг ҳар бири 30-50 оилани иш билан таъминлайди – маҳаллий аҳоли уй-рўзғор буюмларидан тортиб, бадиий кулолчилик маҳсулотларини уйларида бўяш билан шуғулланади. Бу орқали, катта сармояларсиз ва Риштон кулолларининг ноёб анъаналари ва маҳоратлари асосида аҳолининг кенг қатламлари иш жойлари ва барқарор даромад билан таъминланмоқда.  

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатда ҳунармандчиликни ривожлантиришга қаратилган муҳим қарорлар қабул қилди. Риштондаги “Халқаро кулоллар маркази”га ташриф буюриб, машҳур усталар ва ёш кулоллар билан учрашиб, суҳбатлашди.  

Бу туманимизда кулолчилик соҳасида янги саҳифа очилишига сабаб бўлди. “Туркий халқлар ҳунармандчилиги” мавзусидаги Риштон форуми кулолчилик соҳаси ривожига муҳим босқич бўлиб қолиши шубҳасиз.  

Расулжон Мирзааҳмедов, “Ҳунармандлар” уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раҳбари:  

–Риштон форумига Марказий Осиё давлатларидан ташқари, Туркия, Озарбайжон, Россия вакиллари ҳам иштирок этадилар. Биз форумга мамлакатимиздаги 46 та кулолчилик мактаби усталарини ҳам таклиф этганмиз. Форум асосан сайл шаклида бошланади. Риштон боғида хорижий ва Ўзбекистон кулоллари ўз маҳсулотларини намойиш этадилар. Шу ерда савдо-ярмаркаси ҳам ишлайди. Маълумки, Риштонда мингга яқин кулоллар оиласи, уста-шогирд мактаблари мавжуд. Форум иштирокчилари уларнинг иши билан танишадилар. Форум арафасида “Анъанавий Риштон кулолчилиги” китоби чоп этилди. Унда кулолчилик тарихи ва бугуни таҳлил қилинган. Режага кўра бу китоб тақдимоти ҳам ўтказилади. Биз форумга Туркий давлатлардаги соҳа олимларини ҳам таклиф этганмиз. Улар “Риштон кулолчилиги: кеча, бугун, эртага” халқаро илмий-амалий конференциясида қатнашадилар.  

Форум доирасида дунёга номи чиққан Рустам Усмонов, Равшан Тожиддинов “Шокирмингбоши” оилавий кулолчилик устахоналари фаолияти ўрганилади, тажрибалари оммалаштирилади.  

Форум ва кулоллар сайли халқимиз иқтидори, ижодий салоҳиятининг яна бир намойиши бўлиб қолишидан дарак бермоқда.  

 

Муҳаммаджон ОБИДОВ,  

ЎзА