Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рим Папаси таклифи. Сафарбарлик муддати чўзилмоқда...
12:04 / 2023-02-07

Россия – Украина

Рим Папаси Россия Президенти ва Украина етакчиси Владимир Зеленский билан зиддиятни тезроқ тўхтатиш масаласини муҳокама қилиш учун тайёр эканини маълум қилди. Бу ҳақда понтификка таяниб, “Corriere della” нашри хабар берди.  

85 ёшли Папа “Киев ва Москвага боришга менинг соғлиғим кўтармайди, аммо муҳокама учун бошқа чораларни кўриб чиқиш мумкин”, деган.  

Франция Президенти Эммануэль Макрон ва Италия Бош вазири Жоржа Мелони телефон орқали мулоқот чоғида Украинани қўллаш ва 9-10 февраль кунлари Брюсселда ўтадиган ЕИнинг навбатдан ташқари саммитида кўриладиган масалаларни кўриб чиқишган. Бу ҳақда “Agence France-Presse” маълум қилган.

Европа кенгаши раисининг вакили Баренд Лейтс ЕИ саммитига Зеленский таклиф этилганини тасдиқлади. “Хавфсизлик нуқтаи назаридан бошқа маълумотларни айтолмайман”, деган у.

“Financial Times” нашрининг хабарига кўра, Украина етакчисининг Брюсселда, шунингдек, Европарламентда ҳам чиқиши кутилмоқда.

АҚШ Президенти Жо Байден Киевга ҳарбий ёрдам тариқасида “F-16” қирувчи самолётини бермаслик сабабини тушунтириб берди. “Чунки бу учоқлар бу ерда қолгани яхши. Бу мутлақо бошқа вазият”, деди у.

Америкалик сенатор-демократ Крис Кунс Ғарб мамлакатларининг Украинага келажакда қирувчи самолётларни етказиб беришига ишонишини билдирди.  

Украиналик ҳарбийлар “AS-90” ўзиюрар артиллерия ускунасидан фойдаланишни ўрганиш учун Лондонга етиб келишди, деб хабар берди Буюк Британия Мудофаа вазирлиги.

Ироқ Украина атрофидаги зиддиятни тўхтатишга қаратилган барча ташаббусларни қўллаб-қувватлайди, деб баёнот берди мамлакат Ташқи ишлар вазири Фуад Ҳусайн.

“Биз ҳар қандай жанговар ҳаракатларга қаршимиз. Биз кўпсонли уруш ва инқирозларни бошимиздан ўтказганмиз”, деди вазир.

Шунингдек, Ҳусайн Араб давлатлари лигаси Россия ва Украина томони билан музокаралар олиб бориш учун контакт гуруҳи тузилаётгани хабарини берди.  

Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарликни яна уч ой муддатга чўзиш таклифи тўғрисидаги қонун лойиҳасини Олий Радага тақдим этди. Бу ҳақда парламент сайти маълум қилди.  

Ҳужжатга кўра, Украинада ҳарбий ҳолат муддати 2023 йил 19 февраль соат маҳаллий вақт билан 05.30дан бошлаб уч ой давом этади.  

Мамлакатда ҳарбий ҳолат 2022 йил 24 февралда жорий этилган бўлиб, бир неча марта унинг амал қилиш муддати узатилган, дейилади лойиҳада.

Украина Ички ишлар вазирлиги Броварда содир бўлган авиаҳалокат суриштируви тугалланмагунича вазирларга вертолётдан фойдаланишни тақиқлаш ҳақида маълум қилди. Мазур мудҳиш воқеа натижасида Ички ишлар вазири Денис Монастирский халок бўлган эди.

 

Аброр ХОН, ЎзА