Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
РФ жосус дронлари ГФРга босимни кучайтирмоқда
20:12 / 2025-09-10

Германияда Россияга тегишли жосус дронлар тобора жиддий хавф туғдирмоқда. Аввал фақат ҳаводан кузатув қайд этилган бўлса, энди учоқлар кемалардан ҳам учирилаётгани тахмин қилиняпти. Бу ҳолат олмон юрти хавфсизлик тизимида жиддий бўшлиқ мавжудлигини кўрсатади.

Ўтган ҳафта Шлезвиг-Гольштейн ва Қуйи Саксония полицияси Киль портида Скайларк кемасини тафтиш қила бошлади. Бу манзил мамлакат шимолидаги стратегик объектларга қарата дрон йўналтириш нуқтаси сифатида гумон қилинмоқда.

Мутахассислар фикрича, Россия санкциясидан қочиш учун фойдаланаётган “сояли флот”даги кемалар айнан разведка мақсадида ердан бошқариладиган учоқ учириши мумкин.

Муаммо шундаки, ГФР ҳудудида дронга қарши кураш масъулияти бўлиниб кетган. Ҳарбий объект узра парвоз тақиқланган, аммо фуқаролик инфратузилмаси масаласида вазият аниқ эмас. Халқаро сув ҳудудидан кўтарилган дронни Германия тўхтата олмайди. Хуллас, қонунчиликдаги бўшлиқ мавжуд хавфни янада кучайтирмоқда.

Экспертлар бундай гибрид хатарни самарали жиловлаш учун федерал ва маҳаллий идоралар ўртасида аниқ ҳамкорлик зарурлигини таъкидламоқда. Зеро, таҳдид фақат Германия эмас, бутун НАТО шарқий қанотига қаратилган.

Мусулмон Зиё, ЎзА