Россия сўнгги тунда Украина бўйлаб кенг кўламли ҳужум уюштирди. Украина ҳаво кучлари маълумотига кўра, 400 дрон ва бир баллистик ракета учирилган, асосан Харьков, Кривой Рог ва Винница шаҳарларига қаратилган ҳужум туфайли камида 15 киши яраланган, энергетика инфратузилмаси жиддий зарар кўрган.
"Reuters" хабарига кўра, Кривой Рогда электр таъминоти узилиб, 80 000 хонадон қоронғида қолган. Айрим ҳудудларга сув бормай қўйган. 17 ёшли ўсмир оғир тан жароҳати олиб, касалхонада ҳаёт учун курашмоқда.
Винницада саккиз киши яралангани хабар қилинди. Польша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорски шу шаҳардаги поляк тадбиркорига тегишли заводга уч томондан ҳужум уюштирилганини маълум қилди ва бу воқеани “чегарага яқинлашаётган таҳдид” дея баҳолади.
Харьков вилоятида 20 дақиқа ичида 17 марта портлаш овози эшитилиб, уч киши жароҳатланган. Киевда ҳаво мудофааси фаоллашган бўлса-да, талафот қайд этилмади.
Президент Владимир Зеленский Россиянинг ҳаракатини "режалаштирилган террор" сифатида баҳолаб, Европа ва АҚШдан қўшимча ҳаво мудофааси воситалари етказиб беришни сўради. Трамп ҳам ҳужумни Украинага ҳарбий ёрдамни ошириш учун асос сифатида кўрсатди.
Россия уруш бошлангандан бери Украина шаҳарларидаги энергетика ва фуқаролик инфратузилмасини мунтазам нишонга олмоқда. Москва бу объектларни ҳарбий аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди. Киев эса чекланган миқёсда Россия ҳудудига зарба билан жавоб қайтармоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА