Россия президенти Владимир Путин мамлакат ҳарбийлари “Буревестник” номли ядровий қувватга эга ракетани муваффақиятли синовдан ўтказганини маълум қилди. Қурол НАТО томонидан “Skyfall” дея номланган.
Кремль эълон қилган видеода Путин ҳарбий кийимда, Россия Қуролли Кучлари бош штаби раҳбари Валерий Герасимовдан синов бўйича ҳисобот эшитаётгани акс этган. Герасимовнинг сўзларига кўра, ракета 15 соат ҳавода учиб, 14 минг километр масофани босиб ўтган ва “бу ҳали охирги нуқта эмас”.
Путин бу ракетани “дунёда ўхшаши йўқ” деб атаб, уни РФ армиясига жойлаштириш учун инфратузилма тайёрлашни буюрди.
– Ракета ядровий двигатель билан ҳаракатланади ва мудофаа тизимларидан қочиш, узоқ масофада айланиш ва аниқланмасдан манзилга етиб бориш имкониятига эга, – дейилади Кремль ҳисоботида.
Ғарб экспертлари бу технология ҳақиқатан ҳам ишончли бўлиши мумкинлигига шубҳа билдирмоқда. Британия разведкаси ушбу қуролни “чексиз парвоз имкониятига эга паст тезликдаги ядровий двигателли тизим” сифатида тасвирлаган.
Айрим мутахассислар ядровий двигатель атмосферага радиоактив моддаларнинг чиқиши хавфини туғдиришини эслатмоқда.
Россиянинг “Буревестник” лойиҳаси аввал ҳам муаммоларга дуч келган. 2019 йилда Оқ денгиздаги синов пайтида ракета портлаб, беш нафар ядро муҳандиси ва икки ҳарбий ҳалок бўлган, атрофдаги ҳудудда қисқа муддатли радиоактивлик аниқланган.
Аналитикларга кўра, бу синов расмий Москванинг Ғарбга, айниқса АҚШ ва НАТОга ядро салоҳиятини эслатиш ва Украинадаги низога доир босимларга қарши сиёсий жавобидир.
Мусулмон Зиё, ЎзА