Резолюция бахшичилик санъати ривожига хизмат қилади
Гулистонда ўтказилаётган III Халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида “Замонавий бахшичилик санъати: олтин мероснинг янги оҳанглари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман ташкил этилган. Унда Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Россия, Туркия, Венгрия, Корея Республикаси каби 30 дан ортиқ мамлакатлардан соҳанинг етук мутахассислари иштирок этди.
Анжуманда сўзга чиққанлар бахшичилик санъатининг дунё халқлари маданияти ва санъатидаги ўрни, аҳамияти, ушбу санъат айниқса, миллати, тили турлича бўлган халқларни бирлаштириб турувчи кўприк, қалблар риштаси эканлиги, бахшилар, оқинлар, мазкур санъатнинг эллардан элларга, тиллардан тилларга, қалблардан қалбларга ташувчи кишилар эканлигини таъкидлашди. Шунингдек, анжуманда мамлакатимизнинг турли олий ўқув юртларида, илмий-тадқиқот институтларида фаолият юритаётган фольклоршунос олимлар, бахшичилик ва халқ оғзаки ижоди масалаларига қизиқувчи тадқиқотчилар ҳам соҳага алоқадор илмий-назарий мақолалари билан иштирок этди.



Анжуман якунида бахшичилик санъати истиқболи билан боғлиқ муҳим резолюция қабул қилинди.
Ш.Суяров,
Ш.Ортиқбоев, ЎзА