English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Резидент мақомига эришган компаниялар учун қандай имтиёзлар мавжуд?
12:35 / 2024-03-14

Ахборот технологиялари соҳасида IT-Парк резиденти деган иборани кўп учратамиз. Хўш, аслида резидент мақомига кимлар эришади ва унинг қандай афзалликлари мавжуд?

Резидент қулай шартларда фаолият юритишни хоҳловчи IT компаниялар ва IT ўқув марказларига бериладиган махсус мақом ҳисобланади.  

Ушбу мақомга эга бўлган компаниялар учун бир нечта имтиёзлар мавжуд. Резидент мақоми барча турдаги корпоратив солиқлардан озод қилади. Хусусан, норезидентлар корпоратив солиқни 4-15 фоиз миқдорида тўлайди, резидентлар эса ундан озод қилинган. Норезидентлар учун ижтимоий солиқ 12 фоиз, резидентлар учун 0 фоиздир. Норезидентлар учун даромад солиғи 12 фоиз, резидентлар учун эса 7,5 фоиз. Норезидентлар учун хизматлар импорти учун ҚҚС мавжуд, резидентлар учун эса йўқ.  

Бугунги кунда яратилган мана шундай имкониятлардан фойдаланиб қолишни истовчи IT-Парк резидентлари сони ортиб бормоқда. Жорий йилнинг февраль ойи охирида резидент компанияларнинг умумий сони 1828 тани ташкил этди.  

Янги резидентларнинг фаолият самарадорлиги ҳамиша рейтинг қилиб турилади. Натижаларга кўра янги резидентлар орасида таълим компаниялари устунлик қилмоқда. Бу эса IT соҳасида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга бўлган юқори талабдан дарак беради. Кейинги ўринлардаги дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи компаниялар Ўзбекистонда юқори сифатли IT хизматларга бўлган қизиқиш ортиб бораётганидан далолат беради.  

Янги резидентлар орасида дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва техник қўллаб-қувватлаш хизматларини кўрсатувчи Америка капитали иштирокидаги “Silkroad Software” компаниясини қайд этиш мумкин.  

“Voltiva” компаниясининг IT-Парк резидентига айлангани ҳам эътиборга молик.  Бундан ташқари, анимация маҳсулотларини ишлаб чиқишга ихтисослашган “DIP Animation Studio” компанияси IT-Парк резидентига айланди. Компания “Миллий” телеканалида намойиш этиладиган “Помидор дўппи” мультфильми муаллифи ҳисобланади.  

 

Н.Раҳмонова, ЎзА.