Юртимиздаги жадидлик ҳаракатининг етакчиларидан бири Абдулла Авлоний 1878 йилнинг 12 июлида Тошкентда тўқувчи оиласида дунёга келди.
Юртимиздаги жадидлик ҳаракатининг етакчиларидан бири Абдулла Авлоний 1878 йилнинг 12 июлида Тошкентда тўқувчи оиласида дунёга келди.
Ижодий фаолиятини шеър, ҳикоя, фельетон ва кичик ҳажмли драматик асарлар яратиш билан бошлаган Авлоний мактаблар учун «Биринчи муаллим», «Иккинчи муаллим», «Тарих», «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» каби дарсликларни ёзган. «Шуҳрат», «Осиё» каби газеталарни ташкил этган адиб «Адвокатлик осонми?», «Икки муҳаббат», «Тўй», «Съезд», «Лайло ва Мажнун», «Ўликлар» каби драматик асарларни ҳам яратган.
Миллий маданиятимизга улкан ҳисса қўшган адиб қўшни афғон халқи ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам муҳим роль ўйнаган. У маълум муддат Афғонистон халқ маорифи вазири, сўнг шўролар иттифоқининг Афғонистондаги консули — элчиси вазифаларида хизмат қилган.
Қуйида буюк маърифатпарвар, шоир, театр ва жамоат арбоби Абдулла Авлоний ҳаёти ва ижод йўлини экранлаштирган умидли режиссёр, «Шуҳрат» медали соҳиби Музаффархон Эркинов билан суҳбатимизни эътиборингизга ҳавола этамиз.
— Музаффархон, суҳбатимиз аввалида сизни жорий йилда «Саодат» телесериалингиз Болгариянинг София шаҳрида бўлиб ўтган «Славян эртаги» номли Евроосиё кинотелефестивалида қатнашган турли давлат киноижодкорларининг 180 дан ортиқ фильм ва сериаллари ичида бир неча мукофот совриндори бўлгани, шунингдек, Молдова пойтахти Кишинёв шаҳрида ўтказилган IX «ТЭФИ-Содружество» Халқаро танловида 12 та давлат вакиллари томонидан тақдим этилган 80 га яқин телевизион лойиҳалар ичида бош совринга лойиқ кўрилгани ҳамда миллий маданиятимизни ривожлантиришга қўшган ҳиссангиз учун «Шуҳрат» медали соҳиби бўлганингиз билан муштарийлар номидан муборакбод этмоқчиман.
– Раҳмат. Бироқ бу ғалабага нафақат менинг, балки бутун жамоамиз меҳнати эвазига эришганимизни алоҳида таъкидлашим лозим. Буни мендан ташқари, Муқаддас Усмонованинг энг яхши сценарий муаллифи сифатида, Равшан Мирзакамоловнинг энг яхши операторлик иши учун тақдирлангани ҳам исботлаб турибди.
– Энди бевосита суҳбатимиз мавзусига ўтсак. Бир нечта бадиий, 30 дан зиёд ҳужжатли ва қисқа метражли фильм, 2 та телесериал, 400 дан ортиқ клипни суратга олган, айтиш мумкинки, замонавий мавзуда ижод қилаётган режиссёрнинг тарихий-биографик жанрда фильм яратишига нима туртки бўлди?
– Аслида тарихга ёшлигимдан қизиқаман. Лекин йиллар ўтган сари бот-бот такрорланадиган «Ўтмишсиз келажак йўқ» деган гапнинг мазмун-моҳиятига кўпроқ тушуна бошларкан киши. Шунданми, тобора тарихнинг сирли саҳифаларини кўпроқ варақлагим, ўтмишнинг ўқилмаган битикларини титгим келади. Тарихий мавзуга қўл урганимнинг асосий сабаби шу. Бироқ бундан ҳам муҳим туртки «Ўзбекфильм» ДУК томонидан 2018 йил 14 июнь куни қабул қилинган Абдулла Авлоний ҳаёти ва ижодига бағишланган фильмни суратга олиш тўғрисидаги қарор бўлди.
– Кечирасиз-у, лекин тарихга бўлган қизиқишу нуфузли ташкилотнинг муҳим қарори билан тарихий фильм олиш...
– Ҳамма гап шунда-да! Тасодифан қўлига тушиб қолган бир-иккита тарихий китобни варақлаб ёки шу даврда яшаган шоҳидларнинг гапи билан тарихий фильм яратиб бўлмайди. Аввало, режиссёрнинг ўзи вақт машинасига ўтириб, ўтмишга қайтиши, сўнгра минг бир чиғириқдан ўтказиб танланган актёрлар ансамблининг ҳар бир аъзосини хаёлан бўлса-да, мозийга сайр қилдириши лозим.
Бизнинг олдимизда, таъбир жоиз бўлса, муҳимлиги жиҳатидан бири иккинчисидан қолишмайдиган икки устувор вазифа бор эди. Яъни, томошабинни картинадаги воқеаларга ишонтириш учун роппа-роса юз йил олдинги даврга қайтишимиз, айни пайтда, бугунги талабларга мувофиқ рост сўзни айтишимиз лозим эди. Зеро, биз суратга олган янги фильм воқеалари ўтган юзйилликнинг сиёсий зиддиятларга тўла илк чорагида юз берган. Аниқроқ айтсак, фильм Абдулла Авлонийнинг 1919 йили Афғонистонга элчи қилиб юборилиши, сафар таассуротлари асосига қурилган.
– Демак, фильм бир сафар таассуротларидан иборат экан-да.
– Йўқ, асло! Яхши биласизки, Абдулла Авлоний янги усулдаги мактаблар очган, болаларни ўқитган, улар учун дарсликлар яратган, газета-журналлар чиқарган, турли давлат идораларида раҳбарлик қилган, шеърлар битган, асарлар ёзган, миллий театрнинг тамал тошини қўйган, долзарб мавзуларда драмалар ёзиб, уларни саҳналаштирган, бунинг устига, элчилик ҳам қилган. Картинада ана шундай беназир истеъдод соҳиби бўлган буюк маърифатпарвар инсоннинг ҳаёт ва ижод йўлини тўлиқроқ акс эттиришга ҳаракат қилдик. Бундан ташқари, ўша даврнинг илғор вакили бўлган Абдулла Авлоний образи орқали миллат тараққиётида муҳим ўрин тутган, миллий уйғонишни бошлаб берган жадидчилик ҳаракати намояндалари сиймосини гавдалантиришга интилдик.
– Кино санъати яралибдики, унинг оммалашувида уч муҳим унсур – мукаммал сценарий, маҳоратли актёрлар ансамбли ва яхши режиссура устувор ўринга эгалиги таъкидланади. Сиз суратга олган фильмда бу вазифалар қай даражада уддаланди?
– Сценарийга Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг «Қалдирғоч» қиссаси бадиий асос қилиб олинди. Китобни варақларканман, кўз ўнгимда суратга олинажак кадрлар, қаҳрамонлар қиёфаси гавдаланар, гўёки уларнинг суҳбатларини тинглагандек бўлардим. Абдулла Авлоний тўғрисидаги тасаввурларимнинг бойишида севимли ёзувчимиз Тоҳир Малик, зукко адабиётшунос Шуҳрат Ризаев билан қилинган сўнгсиз суҳбатлар, жадидлар яратган миллий меросимиз билан халқимизни яқиндан таништиришга умрини бахшида этган нуктадон олим Бегали Қосимов қаламига мансуб асарларнинг ўзига хос ўрнини алоҳида таъкидлашим лозим. Абдулла Авлонийнинг Афғонистонга саёҳатини кундалигига кунма-кун ёзиб боргани эса реал воқеаларни тасаввур қилиш, қиссадаги тўқималар билан солиштириш, қаҳрамон руҳиятини янада яхшироқ англашга имкон яратди. Хуллас, олти ойлик тайёргарликдан сўнг Тоҳир Маликнинг тавсияси билан сценарийни «Саодат» телесериалининг муаллифи Муқаддас Усмонова ёзадиган бўлди.
Энди актёрлар ансамбли масаласига келсак. Энг аввало, шуни айтишим керакки, деярли барча асосий ролларга янги қиёфалар танланди. Бунинг учун республикамиздаги театрларга бориб, ижодкорлар билан танишдим, улар билан дўстона суҳбатлар қурдим, спектакллар томоша қилдим. Ҳар бир жараённи эринмасдан тасвирга олиб, уларни жамоа билан томоша қилгач, бир фикрга келиб, танланган номзодларни киносиновга чақирдик.
Шу аснода Абдулла Авлоний ролини қойилмақом қилиб ижро этган Алишер Йўлдошев ҳақида ҳам гапириб ўтмасам бўлмас. У Хоразм вилоят мусиқали драма театрида ишлайди. Алишер акани кўришим билан бош қаҳрамон сиймосини яратиш учун асосий номзод топганимни англадим. Унинг кўзларига нигоҳим тушиши биланоқ, «Кўз – кўнгил ойинаси» деган гап бежиз айтилмаганига амин бўлдим. Чунки унинг кўзларида мен излаган самимият порлаб турарди. Унинг юзидаги ёруғликни бошқалардан топа олмай жоним ҳалак эди. Назаримда, Алишер Йўлдошев асар ғоясини очиб беришда ҳам, менинг мақсадимни рўёбга чиқаришда ҳам ўзининг бор маҳоратини ишга солди. Шунингдек, бошқа актёрларимиз ҳам жамоамиз олдида турган вазифанинг нечоғлик улуғворлигини ҳис қилган ҳолда роль ижро этишганини алоҳида таъкидлашни истардим.
– Кўпинча режиссёрларимиз «Арзоннинг шўрваси татимас» иборасини унутиб қўйишади ёки олдига қўйган мақсадга эришишнинг осон йўлини излашади. Натижада тарихий асарда на аждодларимиз қиёфасини, на давр руҳини ҳис этамиз.
– Эътирозингиз ўринли. Шунинг учун ҳам Хоразм, Бухоро, Қўқонда ойлаб кезиб, суратга олиш учун муносиб жой изладик. Учта вокзал, иккита вагон, битта пароход, Абдулла Авлоний уйи, сардоба, йўллар, кўприклар, саройлар декорациялари, Амир Омонуллохон саройининг хоналари, Кобул, Самарқанд ва Ҳиротдаги меҳмонхоналар йўлаги ва хоналари, Лорд Чемсфорд хонаси, бозор расталари махсус қурилди. Беш юздан ортиқ либос тикилди.
Айниқса, чўл маёғи яратилгани нафақат бизнинг фильм, балки умуман киноматографиямизда янгилик бўлди, десам янглишмайман. Чунки шу пайтгача карвонлар кундуз куни ҳадсиз саҳро ва бепоён қумликларда кўзланган манзилга етиб олишда қайси усулни қўллаган, деган савол пайдо бўлмаган. Юз билан юзлашган одамлар суҳбатига қулоқ тутарканман, карвонлар бундай пайтда саксовуллардан ясалган махсус «миноралар» тепасидан чиқаётган тутунга қараб мўлжал олишгани маълум бўлди.
– Яна бир саволни бермасам бўлмайди. Бу ҳатто энг муваффақиятли чиққан киноларимиз савиясига ҳам соя солиб турадиган тил масаласидир. Чунки кўпинча ўзбек тилида гапираётган қаҳрамоннинг нутқи ўзбекча эканига шубҳа қиласан. Баъзан эса қаҳрамон на ёшига, на касбига ва на савиясига мос бўлган «тил»да гапираётганига ҳайрон қоласан.
– Фикрингизга тўлиқ қўшиламан. Зеро, бу чинданам оғриқли масалаларимиздан биридир. Тан олиш керак, ҳозирги киномуҳаррирларимиз олдингидек асар тилини таҳрир қилишмайди. Фақатгина овозлаштириш жараёнида созланади, холос. Тўғрисини айтганда, бу бизнинг кинода янада муҳимроқ. Чунки унда ўзбеклар билан бирга, руслар, афғонлар, инглизлар ва бошқа миллат вакиллари иштирок этади. Шунинг учун ҳам картинада юз йил олдин ишлатилган миллий сўзларимиз ҳам, рус тилида жаранглайдиган ҳолатлар ҳам ўрин олган. Унинг қай даражада чиққанини Асосий қонунимиз қабул қилинган куннинг 27 йиллиги муносабати билан 6 декабрь куни эътиборингизга ҳавола этиладиган фильм намойишида кўришингиз мумкин.
Темир ҚУРБОНОВ
Манба: «Postda» газетаси