Ўтган ҳафта Қирғиз Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Иброҳим Жунусов мамлакатимиздаги миссиясини якунлади. Шу муносабат билан Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган учрашувдан сўнг Элчи етакчи оммавий ахборот воситалари вакилларига интервью берди.
– Мен Ўзбекистондаги фаолиятимни 2018 йил бошлаган эдим. Айниқса, охирги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўзаро муносабатини кескин ривожланганини ҳамма кўриб, билиб турибди. Масалан, чегараларимизда жами 15 та назорат-ўтиш жойи бор. 2017 йилгача шулардан, атиги, биттаси ишларди. Бугунги кунга келиб ҳаракатдаги чегара нуқтаси 9 тага етган. Халқларимиз ҳеч қандай тўсиқсиз, ортиқча қоғозбозликсиз осон ўтиб-қайтяпти. Ишламаётган яна 6 та пост қолди, тез орада уларни ҳам очиш режалаштирилган.
Ахир, яқин ўтмишда чегаранинг икки томонидаги қондошлар бир-бири билан дийдорлашишдан маҳрум эди-ку! Тўй, ҳашам, қариндош-уруғни йўқлаш у ёқда турсин, ҳатто азага, ўтганларни хотирлашга ҳам боролмасдик. Ҳозир-чи? Хоҳлаган киши Ўзбекистондан Қирғизистонга ёки аксинча, бемалол кириб-чиқяпти.
Бугунги кунда савдо айланмаси ҳажми ҳам кескин ошиб, ўзаро маҳсулот ва хизмат айирбошлаш қиймати 250 миллион доллардан 1 миллиард долларгача ўсди.
Айниқса, пандемия даврида ўзбек-қирғиз дўстлиги, қардошлиги қай даражада мустаҳкам экани яққол намоён бўлди. Ўзбекистон ўша оғир кунларда ўз фуқароларини қандай қўллаб-қувватлаган бўлса, қирғиз халқига ҳам худди шундай кўмак берди. Қирғизистон 400 та карантин учун махсус контейнер, сунъий нафас юбориш ускуналари, энг зарур тиббий воситалар, дори-дармон ва озиқ овқат маҳсулотлари билан таъминланди.
2022 йил Қирғизистонда Ўзбекистон маданияти кунларини ташкил этиш кўзланган. Бундан ташқари музейлар ўртасидаги шериклик кўлами кенгаймоқда. Ўзбекистонннинг турли ҳудудларида, хусусан, туризм ривожланган Самарқанд, Бухоро, Хива каби йирик шаҳарларда Қирғизистон музейлари кўчма кўргазмалари ташкил этилади.
Ўзбекистон кўмагида ҳозир Қирғиз Республикасида 2 та мактаб қурилши давом этмоқда. Бобур номли ўзбек мусиқали драма театрининг 100 йиллик юбилейи муносабати билан ушбу санъат даргоҳи биноси бутунлай қайтадан реконструкция қилиб бериляпти.
Энг муҳими, икки давлат, икки халқ ўртасидаги дўстона, ҳар томонлама конструктив муносабатни тизимли равишда, изчил мустаҳкамлаб бориш бўйича режалар улкан, мақсадлар уйғун ва муштарак.
ЎзА мухбири
Ғайрат ХОННАЗАРОВ ёзиб олди.