Сирдарё вилоятидаги Оқолтин тумани пахта терими бўйича бу йил ҳам юксак натижаларга эришиб, вилоятда илғорлар сафидан жой олди.

Жорий мавсумда туманда 13 минг 500 гектар майдонда пахта парваришланди. Пахтакор фермерларнинг фидокорона меҳнатлари натижасида қабул пунктларига 61 минг 50 тоннадан ортиқ пахта топширилди. Бу билан шартномавий режа 100,5 фоизга бажарилди.
Бу ютуққа эришишда ҳар гектардан ўртача 50–55 центнер ҳосил олган “Саҳродаги юқори ҳосил”, “Фориш ўғлонлари”, “Элбек, Оғабек, Диёрбек”, “Сафар Учқун”, “Достон Қаҳҳор”, “Сабоҳ”, “Улуғбек”, “Семурғ”, “Ойбек Ғиёс” каби илғор фермер хўжаликлари ҳамда “Бобур қишлоқ хўжалиги” ва “Индорама Агро” МЧЖ кластерлари муҳим роль ўйнади.

– Бу йилги натижа деҳқон ва фермерларимиз меҳнатсеварлиги, илғор агротехнологияларни амалиётга жорий этиш натижасидир. Ҳар бир майдонда ерга меҳр, ҳалол тер тўкилди, – дейди туман Фермерлар кенгаши раиси Акбар Тангиров.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, жорий мавсумда ҳосилнинг 84 фоизга яқини замонавий пахта териш комбайнлари ёрдамида йиғиб олинди. Бунинг учун фермер хўжаликлари ва кластерлар балансидаги 60 дан зиёд техника воситалари сафарбар этилди.

Механизациялашган терим нафақат меҳнат тежамкорлигини таъминлади, балки маҳсулот таннархини пасайтириш, терим самарадорлигини ошириш ва йўқотишларни кескин камайтиришга хизмат қилди.
Бундай натижалар Оқолтин туманида меҳнат унумдорлигини ошириш, илғор агротехника тадбирларига қатъий риоя қилиш ва замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш орқали юқори ҳосилга эришиш мумкинлигини яна бир бор намойиш этди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири