Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рейтинг: коррупцияга қарши курашишда қайси ташкилотлар “қониқарсиз” баҳоланди?
17:58 / 2022-07-19

Сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Шу мақсадда коррупцияга қарши курашиш бўйича қатор халқаро стандартларни ўз фаолиятига жорий этиш юзасидан давлат органлари ва ташкилотларига бир қатор вазифалар белгилаб берилган. 

Таъкидлаш лозимки, ҳозирга қадар давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолияти самарадорлигини баҳолаш ва мониторинг қилиш тизими мавжуд эмас эди. Шунга кўра, ушбу соҳада белгиланган вазифаларнинг сифатли бажарилишини мониторинг ва назорат қилиш, зарур ҳолларда давлат ташкилотларига услубий кўмак бериб бориш мақсадида 2022 йил 12 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. 

Мазкур қарор билан давлат органлари ва ташкилотлари томонидан соҳада амалга оширилаётган ишларни ягона мезон асосида баҳолаш тизими жорий этилиб, бунда баҳолаш 29 та махсус индикатор асосида “E-Anticor.uz” электрон платформаси орқали амалга оширилиши белгиланди. Қарор талабларидан келиб чиқиб, баҳолаш биринчи босқичда ўз тизимида коррупцияга қарши стандартларни жорий этаётган 24 та ташкилотда эксперимент тариқасида ўтказилди. 

Баҳолаш жараёнини самарали ташкил қилиш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан қатор ишлар амалга оширилди. Коррупцияга қарши  курашиш агентлиги ахборот хизматининг маълумотига кўра, баҳолаш натижалари жорий йил “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази билан ҳамкорликда ўтказилган коррупциянинг тарқалганлик даражасини жамоатчилик онгида идрок этилишини баҳолашга қаратилган сўров натижалари билан ҳамоҳанг эканлигини кўрсатди. 

Хусусан, сўровнома натижаларига кўра, аҳоли томонидан энг коррупциялашган йўналишлар сифатида қайд этилган соғлиқни сақлаш, кадастр, олий таълим соҳаларига жавобгар бўлган Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш фаолияти “E-Anticor.uz” электрон платформасига киритилган маълумотларни таҳлил қилиш ва экспертлар фикрига кўра, қониқарсиз деб топилди. Бу эса коррупциянинг тарқалганлик даражасини пасайтириш авваламбор, ташкилотда унинг олдини олиш учун қўлланилаётган превентив механизмларга бевосита боғлиқ эканлигини яна бир бор тасдиқлайди. 

Таъкидлаш лозимки, Рейтинг баҳолаш натижалари у ёки бу ташкилот (соҳа)ни коррупциялашган ёки коррупциядан холи деган фикрни бермайди. Бундан ташқари, “E-Anticor.uz” электрон платформасига айрим ҳужжатлар ёки қилинган ишлар киритилмаган ёки нотўғри киритилганлиги оқибатида ташкилотларга тегишли баллар берилмаслигининг олдини олиш мақсадида рейтингнинг дастлабки натижалари ташкилотларга тақдим қилинган, уларнинг фикр ва эътирозларига асосан якуний рейтинг шакллантирилган. 

Баҳолаш натижаларига кўра, 24 та давлат ташкилотининг коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланиб, 3 та ташкилот фаолият самарадорлиги “яхши” – 81 баллдан 100 баллгача, 10 та ташкилот фаолияти “қониқарли” – 55 баллдан 81 баллгача ва 11 та ташкилотнинг ушбу йўналишдаги фаолияти “қониқарсиз” – 55 баллдан паст тоифаларга ажратилди. Жумладан, 1-гуруҳ бўйича Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолияти яхши деб топилди. 

2-гуруҳга Адлия, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Мактабгача таълим, Транспорт вазирликлари, Давлат статистика қўмитаси, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш, Давлат активларини бошқариш, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентликлари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоят ҳокимликларининг коррупцияга қарши курашишдаги фаолияти қониқарли деб топилди. 

3-гуруҳ – фаолияти “қониқарсиз” деб топилган ташкилотларга эса Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, Халқ таълими, Қурилиш, Олий ва ўрта махсус таълим, Молия, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш, Кадастр агентликлари, Бўка ва Мирзо Улуғбек тумани ҳокимликлари киритилди. 

Таъкидлаш лозимки, баҳолаш давлат раҳбари томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида белгиланган вазифаларнинг қай даражада самарали амалга оширилаётганини мониторинг қилиш механизмини яратиш билан бирга, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, соҳада соғлом рақобат муҳитини кучайтириш, ташкилот раҳбарларининг шахсий масъулиятини оширишга ва коррупцияга қарши курашишда халкаро стандартларга асосан ягона ёндашувни шакллантиришга хизмат қилади.

Шунингдек, баҳолаш якунлари бўйича “яхши” деб баҳоланган давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги ижобий тажрибаси оммалаштирилади. “Қониқарли” деб баҳоланган давлат ташкилотларига уларнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятини янада яхшилаш бўйича тавсиялар киритилади. “Қониқарсиз” деб баҳоланган давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади.  

Мазкур рейтинг баҳолаш тизими йил якунига кўра барча давлат идоралари ва ташкилотлари фаолияти бўйича амалга оширилади ва жамоатчиликка эълон қилиб борилади. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА