Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рейдлар натижаси: майда ҳолатлар ортидаги катта хавф
14:34 / 2025-12-20

Жиззах вилоятида “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирлари доирасида ўтказилаётган назорат ва рейдлар гиёҳвандликка қарши курашда тизимли ва узлуксиз ёндашув қанчалик муҳим эканини яна бир бор кўрсатди.

Уч кун давомида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизматининг  йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамда унинг шаҳар, туман бўлимлари ҳамда ҳамкор тузилмалар иштирокида амалга оширилган тадбирлар давомида гиёҳвандлик билан боғлиқ бешта жиноят аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилди. Рақамлар кўп кўринмаслиги мумкин, аммо қисқа вақт ичида бундай ҳолатларнинг қайд этилгани муаммонинг қанчалик долзарб эканини кўрсатади.

Жорий йилнинг 8 декабрь куни Зафаробод тумани ҳудудида ўтказилган текширувлар чоғида бу хавфнинг нақадар ниқобланаётгани яққол намоён бўлди. Фарғона вилоятида истиқомат қилувчи мавсумий ишчи бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомашина текширилганда, жами 4,7973 грамм “гашиш” гиёҳвандлик моддаси аниқланди. Модданинг бир қисми ҳатто сигарета ёндиргичи тагига махфий жойлаштирилгани, бундай жиноятлар тасодифий эмас, балки олдиндан пухта ўйлаб қилинганини кўрсатади. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Рейдлар фақат транспорт воситалари билан чекланиб қолмади. 10–11 декабрь кунлари Дўстлик, Арнасой ва Мирзачўл туманларидаги фермер хўжаликлари ҳамда суғориш ариқлари атрофида ўтказилган кўздан кечиришлар давомида қаровсиз ҳолда ўсиб турган “каннабис” гиёҳвандлик ўсимликлари аниқланди. Айрим ҳудудларда 7 тупдан 57 тупгача бўлган ўсимликлар топилгани, назорат сусайган жойда хавф тезда пайдо бўлишини англатади. Барча ҳолатлар бўйича ҳозирда терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Муҳим жиҳат шундаки, аниқланган ҳолатларнинг аксарияти катта миқдорлар билан боғлиқ эмас. Бироқ амалиёт шуни кўрсатадики, айнан шундай “майда” кўринишидаги ҳолатлар ўз вақтида бартараф этилмаса, кенг кўламли муаммога айланиши мумкин. Қаровсиз қолган бир неча туп ўсимлик ёки граммлаб модда — бу катта жиноят занжирининг илк бўғинидир.

Шу маънода, Жиззах вилоятида ўтказилаётган тезкор-профилактик тадбирлар фақат жиноятни фош этиш билан чекланмай, унинг илдизига зарба беришга қаратилган. Гиёҳвандликка қарши кураш доимий назорат, қонун устуворлиги ва аҳоли ўртасидаги профилактик ишлар билан уйғунлашгандагина самара беради. “Хавфсиз ва соғлом юрт” доирасидаги тадбирлар бугун Жиззах воҳасининг барча ҳудудларида айнан шу тамойил асосида изчил давом этмоқда.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири