English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рейдлар давомида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди
10:14 / 2026-02-12

Навоий вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармасининг Томди туман бўлими томонидан “Аяқудуқ” ОФЙ ҳудудида ўтказилган тунги тезкор рейд тадбири давомида экологик қонунбузарлик ҳолати аниқланди.

Суриштирув жараёнида фуқаро Ж.А.га тегишли давлат рақам белгиси бўлмаган “Газ-53” русумли юк автомашинаси юкхонасида жами 5 куб метр саксовул ноқонуний равишда қўпориб олингани ва сотиш мақсадида олиб кетилаётгани маълум бўлди.

Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, базавий ҳисоблашнинг 25 баравари миқдорида жарима қўлланилди. Шунингдек, табиатга етказилган зарар 29 миллион сўм этиб ҳисобланди.

Олиб қўйилган саксовул кам таъминланган оилаларга тарқатилди.

Яна бир ҳолатда бошқарма ходимлари ҳамда Конимех туман бўлими давлат инспекторлари томонидан Конимех тумани “Саржал” ОФЙ чўл ҳудудида “КамАЗ” русумли юк автомашинаси ва экскаватор-юклагичдан фойдаланиб, ҳеч қандай рухсатномасиз ноқонуний равишда қум-шағал аралашмаси қазиб олинаётгани аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 70-моддаси 1-қисмига мувофиқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари жарима қўлланилди. Шунингдек, табиатга етказилган зарар 16 миллион 740 минг сўм этиб ҳисобланди.

Қонунбузарлик содир этишда фойдаланилган автомашина сақлаш (жарима) майдонига жойлаштирилди.

А. Бўриев, ЎзА мухбири