Мажбурий ижро бюроси ҳамда Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ўртасида тасдиқланган Қўшма кўрсатмага асосан махсус ишчи-гуруҳлар тузилган бўлиб, улар томонидан шаҳар ва туманларнинг марказий кўчаларида ҳамда ҳудудий йўл-патруль хизмати стационар постларида рейд тадбирлари мунтазам равишда ўтказилмоқда.
Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси қидирув шуъбаси ҳамда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган ушбу тадбирлардан кўзланган асосий мақсад, суд ва ваколатли органларнинг қарз ундириш ҳақидаги қарорлари ижросини таъминламаган қарздорларнинг автоуловларини жарима майдончаларига жойлаштириш орқали қарздорликларини ундиришдир.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида фойдаланилаётган “AutoCon-SC/M-online” ва Бюро ходими томонидан фойдаланилаётган “Планшет” мосламаларида қарздорлиги мавжуд шахслар, уларга тегишли автомашиналар тўғрисидаги маълумотлар онлайн тарзда кўринадиган бўлиб, улар ёрдамида автотранспорт воситаларида қарздорлик мавжуд ёки мавжуд эмаслиги аниқланади.
Жорий йилнинг 10 ноябрь куни бошланган рейд тадбирларидан шу кунга қадар 126 та автотранспорт воситаси тўхтатилиб, махсус жарима майдончаларга жойлаштирилган. Шунинг натижасида 1 миллиард 30 миллион сўм миқдорида қарздорлик ундирилди. Қарздорликни қопламаган шахсларнинг автомашиналарини аукцион савдоларига чиқариб сотишга қадар бўлган ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳозирда бу каби тадбирлар республика миқёсида давом эттирилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири